Толиблар қизларнинг мактабда ўқишига қўйилган тақиқ сабабини айтишдан бош тортишмоқда

Муҳаммад Юнус Рашид. Aamaj News сайти фотосурати

Афғонистонда ҳокимиятни қўлга киритган «Толибон»* радикал ҳаракати 12 ёшдан ошган қизлар мактабларининг ёпилиши сабаблари ҳақида очиқ гапиришни истамаяпти. Бу ҳақда толиблар ҳукуматидаги Маданият вазирлиги раҳбари ўринбосари Муҳаммад Юнус Рашид (Mohammad Yunus Rashid) маълум қилди, деб хабар беради Aamaj News 30 август куни.

«Аёллар ва қизларга Ислом шариати меъёрларига мос келадиган таълим олиш учун шароит ҳозирча мавжуд эмас. Бизда қизлар мактабларини ёпиш учун сабаблар бор, лекин уларни мамлакат аҳолисига айтолмаймиз», — дейди, жумладан, Рашид.

У, шунингдек Афғонистонда аёлларнинг таълим олишини тақиқлаш вақтинчалик чора эканини айтган, бироқ мулозим бу қанча вақт давом этишига аниқлик киритмаган.

21 август куни «Толибон» муваққат ҳукуматидаги Олий таълим вазирлиги раҳбари ўринбосари Лутфулла Хайрхва қизларни университетга қайтариш режасини эълон қилди. Режани якунлаш ишларининг муддати ҳали аниқ эмас.

2021 йил сентябрь ойи ўрталарига қадар Афғонистоннинг бутун ҳудуди устидан назорат ўрнатган «Толибон» аёлларга нисбатан турли ва уларга кўра, вақтинчалик чекловлар қўйишни бошлади ва буни мамлакатда «тегишли исломий муҳит»ни яратиш зарурати билан изоҳлади. Хуллас, ҳокимият тепасига келгандан кейин улар 12 ёшдан ошган қизларнинг мактабга боришини тақиқладилар. 2022 йил декабрь ойида радикаллар афғон университетларида қизлар учун дарсларни тўхтатиб қўйдилар, кейинроқ университетларда аёлларнинг, жумладан профессор-ўқитувчи аёллар таркиби бўлишини тақиқладилар, шунингдек аёлларни барча миллий ва халқаро нодавлат ташкилотларда ишлашдан четлаштиришни бошлади. Ушбу қарорлар бир қатор давлатлар ва халқаро ташкилотлар, жумладан БМТ танқидига учради.

*«Толибон» ҳаракати РФ ва кўпгина давлатларда террорчи ташкилоти сифатида тан олинган ва тақиқланган (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).