Толиблар аёлларнинг машҳур миллий боққа киришини тақиқладилар

Муҳаммад Холид Ҳанафий. Ижтимоий тармоқдаги фотосурат

Афғонистонда ҳокимиятни назорат қилувчи «Толибон»* радикал ҳаракати аёлларнинг Афғонистоннинг энг машҳур миллий боғларидан бири, марказий Бомиён вилоятидаги Банде Амирга боришини тақиқлади. Бу ҳақда The Guardian нашри ёзади.

Исломий қадриятларни тарғиб қилиш ва иллатлар олдини олиш вазирлиги боққа келган аёллар нотўғри ҳижобда бўлганларини маълум қилганидан кейин ушбу тақиқ жорий этилди.

«Аёллар учун диққатга сазовор жойларни томоша қилиш мажбурий эмас», — дейди бўлим бошлиғи Муҳаммад Холид Ҳанафий. У радикал ҳаракатнинг хавфсизлик кучларига аёлларнинг Банде Амир боғига киришига йўл қўймаслик ҳақида кўрсатма берган.

Халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти Human Rights Watch (HRW) янги тақиқни танқид остига олган.

«Мен кўплаб афғон аёлларининг «Толибон» кейинги [тақиқи] билан уларга нафас олишга йўл қўймаслиги ҳақида гапиришаётганини эшитдим. Толиблар аёлларнинг очиқ ҳавода сайр қилиши ва табиатдан завқланишига тўсқинлик қилаётганини кўрмагунингизча, бу бўрттирилган гапдек туюлади», — дейди HRW вакили Хизер Барр.

2009 йили ташкил этилган Банде Амир миллий боғида уч минг метр баландликда мовий кўллар мавжуд. Ҳар йили бу ерга ўн минглаб афғонлар ташриф буюришади. Ҳатто 2001 йилдан 2021 йилгача хорижий қўшинлар ва «Толибон» ўртасидаги уруш пайтида ҳам у мамлакатдаги энг хавфсиз жойлардан бири бўлган.

Банде-Амирдаги кўллардан бири. Википедиядан олинган фотосурат

2013 йили бу боғ афғон жамиятида аёлларга нисбатан муносабатнинг ўзгаргани рамзига айланган, чунки мамлакатда биринчи марта тўрт нафар аёл инспектор ишга қабул қилинган.

2021 йили «Толибон» Афғонистонда ҳокимиятни қайта қўлга киритганидан бери радикал ҳаракат аксарият қизлар учун ўрта мактабларни ёпиб қўйди, аёлларнинг университетга ўқишини тақиқлади ва халқаро гуманитар ташкилотларда ишлаш имкониятидан маҳрум қилди. Аёлларнинг кўплаб жамоат жойларига, жумладан ҳаммомлар, спорт заллари ва боғларга кириши ҳам чекланди.

*«Толибон» ҳаракати РФ ва кўпгина давлатларда террорчи ташкилоти сифатида тан олинган ва тақиқланган (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ