Ҳижоб кийишдан бош тортган эронлик актрисани психологга мурожаат қилишга буюришди

Афсона Байеган. Ижтимоий тармоқдаги фотосурат

Эрон суди актриса Афсона Байеганни ҳижоб киймагани учун икки йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилди. Жазо беш йилга кечиктирилган, суд эса актрисага «аксилоилавий шахснинг руҳий бузилиши»ни даволаш учун ҳар ҳафта психологга ташриф буюришни буюрди, деб хабар беради NDTV телеканали Fars news ахборот агентлигина таянган ҳолда.

Жорий йилнинг февраль ойида ОАВ актрисалар Афсона Байеган ва Фотима Мотамедарё Теҳрондаги ҳамкасбини шарафлаш маросимида рўмолсиз чиққани учун жамоат тартибини бузганликда айблангани ҳақида хабар берган эди. Аниқлик киритилишича, бу аёллар 2022 йилнинг кузида 22 ёшли Маҳса Амини вафотидан кейин мамлакатни қамраб олган намойишларни қўллаб-қувватлашган.

Ҳозирда Байеган устидан суд ниҳоясига етган, бироқ Мотамедарёга қарши суд жараёни ҳақида ҳеч нарса маълум эмас.

Шунингдек, суд Байеганга икки йил давомида Эрони тарк этишни ва интернетдан ҳам ўз телефонидан, ҳам бировнинг мобил телефонидан фойдаланишни тақиқлаган.

Афсона Байеган ўтган асрнинг 60-70-йилларидаги Эрон киносининг энг ёрқин юлдузларидан бири бўлган, унинг фильмографиясида бир неча ўнлаб асарлар мавжуд. У «Мисс Эрон 1976» гўзаллик танловида қатнашиб, иккинчи ўринни эгаллаган. Дарвоқе, бу мусобақа 1979 йилги ислом инқилобидан олдин ўтказилган, шундан сўнг жамиятга шариатнинг қаттиқ талаблари татбиқ этилган.

Эрон қонунларига кўра, 1979 йилдан бошлаб аёллар ўз қоматини яшириш учун бошларини ёпиб, узун ва кенг кийим кийишлари шарт. Қоидабузарлар оммавий танбеҳ, жарима ёки ҳибсга олиш билан жазоланади.

Эслатиб ўтамиз, ўтган йил сентябрида ахлоқ полицияси Маҳса Амини нотўғри ҳижоб кийганликда айблаб қўлга олган эди. Ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари билан суҳбатдан кейин қиз вафот этган. Унинг ўлими бутун мамлакат бўйлаб оммавий норозиликларга сабаб бўлди. Намойишларда эронлик аёллар бош кийимларини куйдириб, сочларини кесишган.

Декабрга келиб, норозилик намойишлари деярли бутун мамлакат бўйлаб пасайган, бироқ йирик шаҳарлардаги қизлар ва аёллар ҳижобсиз юришни бошлаганлар, гарчи расмийлар бундай бош кийимларни кийиш талабини расман бекор қилмаган бўлсалар ҳам.

Жорий йилнинг июль ойи ўрталарида ахлоқ полицияси қизлар ва аёлларнинг ҳижобни тўғри кийишини текшириш учун кўчаларни назорат қила бошлади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ