Тожикистон ҳукумати ҳеч қандай изоҳсиз цемент экспортини тақиқлаган

Душанбедаги цемент заводи. "Озоди" сайти фотосурати

2023 йил 11 июлдан Тожикистон ҳукумати цемент экспортини тақиқлаган. Бу ҳақда Тожикистон ҳукумати ҳузуридаги божхона хизмати раҳбарининг қуйи тузилмаларга йўллаган мактубида маълум бўлди, деб хабар беради 18 июль куни «Озоди» (РФда хорижий агент сифатида тан олинган Озодлик радиосининг тожик хизмати).

Тасодифан «Озоди» таҳририяти ихтиёрига тушган божхона мактубида цемент экспортини тўхтатиш ҳақидаги қарор ҳукумат томонидан қабул қилингани ва бу ички бозорни қондириш зарурати билан боғлиқлиги айтилади. Тожикистонда цементга бўлган барча ички эҳтиёж, рангли цементдан ташқари (оз миқдорда бўлган эҳтиёж) маҳаллий ишлаб чиқариш ҳисобидан қондирилади. Бу қурилиш материали илгари қўшни Афғонистон, Ўзбекистон ва Қирғизистонга экспорт қилинган.

Савдогарлар мамлакатдан цемент экспорти тақиқланганини қурилиш жадаллиги ва ички бозорда талабнинг ортиши билан изоҳламоқда.

Қурилиш материаллари савдоси билан шуғулланувчи Мунис Қодировнинг айтишича, ҳар куни у 250-300 қоп цемент сотади. «Шаҳарларда қурилиш жадаллиги кузатилмоқда, бундан ташқари, вилоятларда кўплаб аҳоли янги уйлар қурмоқда, шунинг учун ҳозир цементга талаб катта»,дейди манба.

Айни пайтда, «Хуаксин Гаюр Цемент» вакилининг сўзларига кўра, ҳокимият цемент корхоналари эгаларига бу қарор сабабини тушунтирмаган.

«Ички бозор учун зарур бўлганидан жуда кўп цемент ишлаб чиқарамиз. Омборларда тонналаб тайёр маҳсулотлар сақланади. Бу маҳсулотларни бошқа давлатларга сотиш керак, акс ҳолда корхона цемент ишлаб чиқаришни тўхтатишга мажбур бўлади», — дейди компания вакили.

Айрим сотувчилар цементнинг мамлакатдан олиб чиқилиши тақиқлангани Роғун ГЭСи учун ушбу қурилиш материалларига талаб ортиши билан боғлиқлигини истисно этмайди.

Божхона хизмати цемент экспортига қўйилган тақиқ бўйича изоҳ бермаяпти. Тожикистон Саноат ва янги технологиялар вазирлиги бу борада изоҳ беришдан бош тортган.

Айни пайтда Тожикистонда 16 та корхона цемент ишлаб чиқариш билан шуғулланади, уларнинг йиллик қуввати жами 5,6 миллион тонна маҳсулотга баҳоланади.

Ўтган йили Тожикистонда 4 миллион тоннадан ортиқ цемент ишлаб чиқарилган. Статистик маълумотларга кўра, ҳар йили ишлаб чиқарилган жами цементнинг қарийб 1,5 миллион тоннаси қўшни давлатлар – Ўзбекистон ва Афғонистонга экспорт қилинади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ