Толиблар етакчиси афғон аёлларига «эркин одамлар» мақоми қайтарилганини маълум қилди

Ҳайбатуллоҳ Охундзога тегишли эҳтимолидаги фотосурат. Сурат ким томонидан ва қачон олингани номаълум

«Толибон»* радикал ҳаракати режими аёлларни анъанавий зулмдан озод қилди ва уларга эркин одамлар мақомини қайтарди. Бу ҳақда толиблар ҳаракатининг олий етакчиси Ҳайбатуллоҳ Охундзода мусулмонларнинг Қурбон ҳайити муносабати билан йўллаган табрик баёнотида айтиб ўтди.

«Хотин-қизларни кўплаб анъанавий зулмлардан, жумладан мажбурий никоҳдан қутқариш бўйича аниқ чора-тадбирлар кўрилди, уларнинг шариат ҳуқуқлари ҳимоя қилинди. <...> Аёлларнинг эркин ва муносиб инсон сифатида мақоми тикланди ва барча институтлар аёлларга никоҳ, мерос ва бошқа ҳуқуқларни таъминлашда кўмаклашишлари шарт», — дейилади Охундзода тарқатган матнда.

Толиблар етакчисининг қайд этишича, Афғонистондаги аёллар муаммолари, жумладан «20 йиллик ишғолнинг салбий томонлари» билан ҳам боғлиқ.

Таъкидлаш жоиз, 2021 йил августида Афғонистонда ҳокимиятни қўлга киритган толиблар ўз наздида исломий қадриятларга мос келадиган чекловларни жорий қилган эди. Хусусан, радикаллар аёл телебошловчиларни ҳижоб ўрашга мажбурлашди, аёл актрисалар иштирокидаги драматик фильмлар ва кўрсатувлар намойишини тақиқлади.

Толиблар ўрта ва юқори синф ўқувчи қизларининг мактабларга боришини, қизларнинг университетларда ўқишини тақиқлашди, профессор-ўқитувчи аёлларга университетлар эшикларини ёпишди, аёлларни барча миллий ва халқаро ноҳукумат ташкилотларида ишлашдан четлаштиришди. Бу қарорлар кўплаб хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлар, жумладан БМТнинг кескин танқидларига дуч келди.

*Юлдузча билан белгиланган ташкилот Россия ва кўпгина давлатларда террорчи сифатида тан олинган ва тақиқланган (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ