Ҳуқуқ фаоллари Тожикистон ҳукуматини судланган мустақил адвокатларни озод қилишга чақирди

Бузургмеҳр Ёров (чапда) ва Манучеҳр Холиқназаров. Ижтимоий тармоқдан олинган фотосурат

Freedom Now инсон ҳуқуқлари ташкилоти Тожикистон ҳукуматини «сиёсий сабаблар билан ҳибсга олинган ва қамалган» мустақил адвокатларни озод қилишга чақирди. Тегишли баёнот ташкилотнинг Twitterдаги саҳифасида эълон қилинган.

Баёнотда Бузургмеҳр Ёров ва Манучеҳр Холиқназаровлар алоҳида тилга олинади.

Ёров 2015 йилда ҳибсга олиниб, 28 йилга қамалган эди. Маҳкум ўзини айбдор деб ҳисобламайди, ҳуқуқ ҳимоячилари уни сиёсий маҳбус деб аташади. Шу кунгача маҳкум адвокатга нисбатан тўртинчи жиноят иши қўзғатилиб, бир кун аввал судга кўриб чиқиш учун юборилган. Ёров ва унинг яқинлари янги ишни «сохта» деб билишади.

Помир ҳуқуқшунослари уюшмаси раҳбари ва «44-комиссия» аъзоси Холиқназаров 2022 йилнинг май ойида Хоруғда ҳибсга олинган. 2022 йил декабрида у «жиноий ҳамжамият ташкил этиш» ва «экстремистик ташкилот фаолиятини ташкил этиш»да айбланиб, 16 йилга озодликдан маҳрум этилган эди. Холиқназаров ўз айбини тан олмаган.

Freedom Now таъкидлашича, Холиқназаров ҳибсга олинишидан олдин ижтимоий адолатсизлик қурбонларига ёрдам бериб, Тоғли Бадахшон автоном вилоятида инсон ҳуқуқлари ва қонун устуворлигини ҳимоя қилган.

Инсон ҳуқуқлари ташкилотлари сўнгги йилларда Тожикистонда адвокатларнинг иши жуда оғирлашганини айтади. Хусусан, 2017 йили мутасадди идоралар фақат малакали имтиҳонларни топшириб, махсус лицензия олган шахсларгагина адвокатлик фаолияти билан шуғулланишга рухсат беришган.

Бундай «аттестация»дан сўнг Тожикистон ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ташкилотларнинг кескин танқидига учради, улар шу йўл билан расмийлар норози одамлардан халос бўлишга қарор қилишганини айтишди.

Мавжуд ҳокимият мухолифларини ҳимоя қилган ёки ҳукуматни ўз хатти-ҳаракатлари учун очиқ танқид қилган бир қанча адвокатлар қамоқхонага тушган ёки мамлакатни тарк этишга мажбур бўлишган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ