26 май куни Панжикент шаҳар суди маҳаллий журналист Хуршед Фозиловни 7 йилга озодликдан маҳрум қилди, дея хабар беради «Азия-Плюс» унинг яқинларига таяниб.
Қайд этилишича, жараён Хўжанд шаҳар вақтинчалик сақлаш ҳибсхонасида ёпиқ режимда бўлиб ўтган.
Бундан олдин, 25 май куни Тожикистон расмийлари тақиқланган ташкилотларга алоқадорликда айбланаётган журналист Хуршед Фозилов иши бўйича биринчи суд мажлисида прокуратура 7,5 йил қамоқ жазосини сўрагани хабар қилинганди.
Маҳкум яқинларининг сўзларига кўра, биринчи суд мажлиси ҳам Хўжанддаги вақтинчалик сақлаш ҳибсхонасида, бироқ уларнинг иштирокида бўлиб ўтган. Шундан сўнг, журналистнинг укаси Хушбахт Фозилов айтганидек, унга ва онасига саволлар берилган.
«Судя мендан сўради: Хуршед ростдан ҳам журналистика билан шуғулланганми? Мен акам Тожикистон Журналистлар уюшмаси аъзоси бўлган, аввали маҳаллий телевидениеда мухбир бўлиб ишлаган, ҳозир эса Гидрометеорология марказининг маҳаллий бўлими сайтининг муҳаррири, деб жавоб бердим. Менинг кўрсатмаларим протоколга киритилди», — деди Хушбахт.
Зарафшон вилоятидан Тожикистон оммавий ахборот воситалари учун хабар, репортаж ва мақолалар ёзган Хуршед Фозилов шу йилнинг 6 март куни Панжикент хавфсизлик идоралари томонидан ҳибсга олиниб, кейинроқ Хўжанддаги вақтинчалик ҳибсхонага олиб кетилган.
10 май куни Хуршед Фозилов иши бўйича тергов ниҳоясига етиб, Панжикент шаҳар судига юборилган.
Расмийлар уни Тожикистонда тақиқланган партия ва ҳаракатлар билан ҳамкорлик қилганликда айбламоқда. Аммо унинг ўзи адвокати орқали ўзига қарши кўрсатма беришга мажбур бўлганини ва ҳеч қачон тақиқланган ташкилотлар билан ҳамкорлик қилмаганини айтган.
Журналистнинг онаси Тожикистон президенти Эмомали Раҳмондан ўғли иши бўйича терговни ўз назоратига олиб, уни қўйиб юборишни сўраб видеомурожаат эълон қилган.
2022 йил июнь ва июль ойларида Тожикистонда беш нафар журналист ва блогер – Далер Имомали, Абдулло Ғурбатий, Муҳаммад Султон, Абдусаттор Пирмуҳаммадзода ва Завкибек Саидамини ҳибсга олинган.
Уларнинг барчаси тақиқланган ташкилотларга алоқадорликда ва экстремизмда айбдор деб топилган.
Имомали 10 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган, яна тўрт нафар журналистнинг ҳар бири 7 йилдан жазо олган. Журналистларнинг барчаси ўзларига қўйилган айбловларни инкор этиб, айбсизлигини айтишган.
Жумладан, Пирмуҳаммадзода тергов изоляторидан йўллаган мактубида содир этилмаган жиноятлар учун жавобгарликни ўз зиммасига олиши учун Ваҳдат шаҳар ИИБда қаттиқ қийноққа солинганини ёзган.
Кейинчалик Бош прокуратура бу шикоятни рад этган. Ҳибсга олинган журналистларнинг ҳукм устидан берган кассация шикояти ҳеч қандай натижа бермаган. Ҳуқуқни ҳимоя қилувчи ташкилотлар томонидан кўплаб танқид ва мурожаатларга қарамай, ҳукумат мазкур журналистларга нисбатан берилган жазони юмшатиш учун ҳеч қандай чора кўрмаган.