Россияда мигрантларнинг оммавий ҳибсга олиниши сабаб Россия элчиси Тожикистон Ташқи ишлар вазирлигига чақирилди

Тожикистон ТИВ матбуот хизмати фотосурати

Россиянинг Тожикистондаги элчиси Семён Григорьев Россия Федерациясида тожикистонликларнинг кўплаб ҳибсга олингани ҳақидаги маълумот туфайли Тожикистон Ташқи ишлар вазирлигига чақирилди. Бу ҳақда Тожикистон ТИВ матбуот хизмати хабар берди.

24 май куни бўлиб ўтган йиғилишда ТИВ Тожикистон фуқаролари Россия Федерацияси ҳудудида турли баҳоналар билан ҳибсга олинаётганидан хавотир билдирди.

«Мавжуд ва юзага келаётган миграция муаммоларига биргаликда жавоб бериш зарурлиги, шунингдек, миграция масалалари бўйича қўшма чора-тадбирларни ишлаб чиқишда келишилган ҳаракатларни амалга ошириш муҳимлиги қайд этилди», — дейилади ТИВ хабарида.

Аввалроқ «Озоди» (РФда хорижий агент сифатида тан олинган Озодлик радиосининг тожик хизмати) Россиянинг турли ҳудудларидан хавфсизлик кучлари мигрантларнинг яшаш ва иш жойларига рейдлар уюштираётгани ҳамда юзлаб тожиклар ҳибсга олингани ҳақида ўнлаб видео ва шикоятлар келиб тушаётгани ҳақида хабар берганди.

Россия элчиси билан Ташқи ишлар вазирлигида бўлиб ўтган учрашувда 19 май куни эрталаб Хабаровск ўлкасидаги Техника университетининг (расмий номи Комсомолск-Амур давлат университети, КнАДУ) 3-сонли ётоқхонасида содир бўлган воқеа батафсил муҳокама қилинган. Ўша куни ТИВ маълумотларига кўра, «мазкур университетда таҳсил олаётган юздан ортиқ тожикистонлик талаба Россия ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан сўроққа тутилган ва шафқатсизларча муносабатга учраган».

ТИВ «бундай воқеалар Тожикистон-Россия стратегик шериклик ва иттифоқчилик руҳига тўғри келмаслиги ва томонларнинг таълим соҳасидаги ҳамкорликни янада ривожлантиришга қаратилган саъй-ҳаракатларига зарар етказиши мумкинлигини» таъкидлаган.

Бундан аввал, 23 май куни Тожикистондаги инсон ҳуқуқлари бўйича омбудсман Умед Бобозода Россия Омбудсмани Татяна Москальковага КнАДУдаги воқеа ҳолатларини аниқлаш ва уни холисона тергов қилишга ёрдам беришини сўраб мурожаат йўллаган.

«ОАВ ва ижтимоий тармоқлардан олинган маълумотлардан шу нарса маълумки, 19 май куни эрта тонгда ОМОН ходимлари ФХХ билан биргаликда талабалар истиқомат қилаётган ётоқхонага келиб, кузатув камераларини ўчиришган ва ҳеч қандай ноқонуний хатти-ҳаракатларга йўл қўймаган талабаларни қаттиқ калтаклашган. Уларнинг ҳужжатлари ва телефонлари мусодара қилинган. Қаттиқ калтакланиш оқибатида бир неча тожикистонлик талаба жиддий жароҳатланган, улар жарроҳлик амалиётига муҳтождир», — дейилади Тожикистон Омбудсмани баёнотида.

Эслатиб ўтамиз, мазкур воқеа ошкор қилингандан сўнг КнАГУ маъмурияти талабалар билан учрашув ўтказган, унда ректор Эдуард Дмитриев «Тожикистонлик талабалар ва ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари ўртасида можаро бўлганини» тасдиқлаган ҳолда, оммавий калтаклаш содир бўлмаганини ва Миграция хизмати текшируви терроризмни молиялаштирганликда айбланган талабанинг ҳибсга олиниши билан боғлиқ бўлганини таъкидлаган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ