Суриядан Тожикистонга махсус рейс билан 104 кишидан иборат 29 та оила қайтарилди

Душанбе аэропортида Суриядан қайтган Тожикисон фуқароларининг кутиб олиниши. Тожикистон ТИВ матбуот хизмати фотосурати

21 май куни аёллар, ўсмирлар ва ёш болалардан иборат 104 нафар Тожикистон фуқароси Суриядан махсус самолётда ўз ватанларига қайтарилди. Бу ҳақда Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги (ТИВ) матбуот хизмати хабар берди.

Қайтган фуқароларни Душанбе халқаро аэропортида Тожикистон Бош вазири ўринбосари Матлубахон Сатториён, мамлакат Президентининг ижтимоий ривожланиш ва жамоатчилик билан алоқалар бўйича ёрдамчиси Эмомали Насриддинзода ва республиканинг бошқа расмий шахслари кутиб олдилар.

«Қозоғистон томонининг илтимосига кўра, ушбу рейс орқали Қозоғистон Республикасининг 5 нафар фуқароси (она ва тўрт нафар бола) ҳам Суриядан Тожикистонга етказилди», — дейилади ТИВ матбуот хизмати хабарида.

Ироқ ва Суриядаги махсус қўриқланадиган лагерларда бўлган тожикистонликларни қайтариш жараёни президент Эмомали Раҳмон топшириғи билан уч йил аввал бошланган эди. Бу иш билан Тожикистоннинг Қувайтдаги элчихонаси Суриянинг тегишли тузилмалари билан ҳамкорликда ва мувофиқлашган ҳолда шуғулланган.

2018 йил ноябрь ойида Тожикистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси ўринбосари Мансуржон Умаров «Ислом давлати» *(ИШИД) террорчилик гуруҳи тарафида Сурия ва Ироқдаги жангларда республиканинг 1899 нафар фуқароси қатнашаётганини маълум қилганди. Уларнинг аксарияти оилалари билан ИШИД назорати остидаги ҳудудда бўлган, баъзиларининг Ироқ ва Сурияда туғилган фарзандлари бор. Кейинчалик бу тожикистонликлар жангларда ҳалок бўлган ёки Ироқ ёки Сурия ҳукумат кучлари томонидан асирга олинган ва қамоқхоналар ёки махсус қўриқланадиган лагерларга жўнатилган. 2019 йил октабрь ҳолатига кўра, Суриядаги махсус лагерларда камида 575 нафар аёл ва бола сақланган.

Тожикистон ТИВ маълумотларига кўра, 2022 йили Суриядан 146 нафар тожикистонлик қайтарилган, улардан 122 нафари бола ва 24 нафари аёл бўлган.

*Юлдузча билан белгиланган ташкилот Россия ва кўпгина давлатларда террорчи сифатида тан олинган ва тақиқланган (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ