Хитой Марказий Осиё давлатларига 3,7 миллиард доллар миқдорида беғараз молиявий кўмак беради

Си Цзиньпин. rfi.fr сайти фотосурати

Хитой ҳукумати Марказий Осиё давлатларига 26 миллиард юан (тахминан 3,72 миллиард доллар) миқдорида молиявий кўмак ва текин ёрдам беради. Бу ҳақда ХХР раиси Си Цзиньпин «Марказий Осиё – Хитой» саммитидаги асосий нутқида айтиб ўтди, дея хабар беради Xinhua ахборот агентлиги.

«Тараққиёт салоҳиятини мустаҳкамлаш учун Хитой фан ва технология орқали камбағалликни камайтириш соҳасида Марказий Осиё давлатлари билан ҳамкорлик режаларини ишлаб чиқади. Хитой томонидан молиялаштириладиган корхоналар кўпроқ маҳаллий иш ўринлари яратишга рағбатлантирилади. Хитой Марказий Осиё давлатларига 26 миллиард юан миқдорида молиявий кўмак ва грант ёрдами ажратади», — деди Си Цзиньпин.

Умуман олганда, Сиан шаҳрида бўлиб ўтган саммитдаги асосий маърузасида Си Цзиньпин Марказий Осиё республикалари билан ҳамкорликнинг турли йўналишларига, жумладан, савдо ва сармоя, логистика, энергетика, яшил инновациялар, маданият ва хавфсизлик каби 8 жиҳатга тўхталиб ўтди.

Жумладан, Хитой раҳбари Каспий денгизи орқали халқаро транспорт йўлаги барпо этиш ва Хитой-Европа юк поезди тугунларини ривожлантиришни қўллаб-қувватлашини маълум қилди.

Шунингдек, энергетикани ривожлантириш бўйича минтақавий шерикликни йўлга қўйиш, «Хитой-Марказий Осиё» газ қувурининг D линияси қурилишини жадаллаштириш, нефть ва газ савдосини кўпайтириш, бутун ишлаб чиқариш занжири бўйлаб энергетика соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш, янги энергия ишлаб чиқариш, атом энергиясидан тинч мақсадларда фойдаланиш соҳасида ўзаро ҳамкорликни фаоллаштиришни таклиф қилди.

Бундан ташқари, Си Цзиньпин Хитой Марказий Осиё давлатларига минтақада тинчликни сақлашга уринишда ҳуқуқни муҳофаза қилиш, хавфсизлик ва мудофаа салоҳиятини яхшилашга ёрдам беришга тайёрлигини таъкидлади.

«Шунингдек, Афғонистонга қўшни давлатлар ўртасида мувофиқлаштириш механизмидан самарали фойдаланиш, бу мамлакатда тинчлик ва тикланишни биргаликда таъминлашга ҳаракат қилиш керак»,деди Хитой раҳбари.

Афғонистон мавзусини давом эттирар экан, Си Цзиньпин Хитой Марказий Осиё давлатлари билан модернизация концепциялари ва амалиётлари бўйича алмашинувни кучайтиришга, ривожланиш стратегияларини бирлаштиришга, Афғонистонни саммит иштирокчилари сафига қўшган ҳолда «олти давлатни» ни модернизация қилишга кўмаклашиш бўйича биргаликда саъй-ҳаракатларни амалга оширишга тайёр эканини таъкидлади.

18-19 май кунлари Хитойнинг Сиан шаҳрида Си Цзиньпин раислигида «Хитой – Марказий Осиё» саммити бўлиб ўтди. Унда, Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тўқаев, Қирғизистон президенти Садир Жапаров, Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Туркманистон президенти Сердар Бердимуҳамедов иштирок этди.

Саммит доирасида ХХР раисининг барча Марказий Осиё республикалари раҳбарлари билан расмий учрашувлари ўтказилиб, унда турли соҳалардаги ўзаро ҳамкорликка оид ўнлаб ҳужжатлар имзоланди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ