ОИИБ Тожикистонга Роғун ГЭСи қурилиши учун 500 миллион доллар ажратади

news.cn сайти фотосурати

Осиё инфратузилма инвестициялари банки (ОИИБ) Тожикистон ҳукуматига Роғун ГЭСи қурилиши учун 500 миллион доллар миқдорида «имтиёзли маблағ» ажратади. Бу ҳақда 17 май куни Пекинда республика президенти Эмомали Раҳмон ва халқаро молия ташкилоти раҳбари Жин Люцин келишиб олди, дея хабар беради Тожикистон раҳбари матбуот хизмати.

Раҳмоннинг Хитойга давлат ташрифи доирасида бўлиб ўтган учрашувда томонлар банк томонидан бошқа йўналишларни, хусусан қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ва фойдали қазилмаларни якуний қайта ишлаш лойиҳаларини молиялаштириш масаласини ҳам муҳокама қилди. Музокарачилар Тожикистонда бу режаларни амалга ошириш учун барча имконият ва ресурслар мавжудлигини таъкидлаганлар.

Бундан ташқари, иқлим ўзгариши, ичимлик суви етишмаслиги, транспорт, энергетика, уй-жой коммунал хўжалиги ва шаҳар хўжалиги соҳаларида «яшил инфратузилма»ни ривожлантириш масалалари кўриб чиқилди.

Раҳмон ва Жин Люцин саноат, хусусий секторни ривожлантириш ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлашга қаратилган лойиҳалар учун капитал жалб қилиш зарурлигини тан олди.

Тожикистон президенти Пекинда Хитой ҳукумати вакиллари ва ишбилармонлар билан бир қатор учрашувлар ўтказди. Кейин у 18-19 май кунлари бўлиб ўтадиган «Хитой-Марказий Осиё» саммитида иштирок этиш учун Циан шаҳрига учиб кетди.

Осиё инфратузилма инвестициялари банки Хитой ташаббуси билан ташкил этилган халқаро молия институти ҳисобланади. ОИИБнинг асосий мақсадлари Осиё-Тинч океани минтақасида ишбилармонлик ҳамкорлигини рағбатлантириш, Осиёдаги йўллар ва аэропортлар қурилишидан тортиб эконом-синфдаги уй-жойларгача инфратузилмали лойиҳаларни молиялаштиришдан иборат.

Қурувчиларнинг фикрига кўра, 335 метрлик тош тўғонга эга Роғун ГЭСи қуриб битказилгач, у дунёдаги энг баланд тўғон бўлади, Тожикистондаги сурункали электр тақчиллигига барҳам беради ва электр энергиясини Ўзбекистон ва Қозоғистонга экспорт қилиш имконини беради.

Ўтган йили Тожикистон Энергетика вазирлиги ГЭС қурилишининг умумий қиймати 8 миллиард долларга баҳолангани, шундан 3 миллиард доллари сарфлангани ҳақида хабар берган эди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ