Сергей Шойгунинг қизи Бишкекда оммавий пойга уюштирмоқда

Ксения Шойгу пойгада иштирок этмоқда. 5-tv.ru сайти фотосурати

Россия Мудофаа вазири Сергей Шойгунинг қизи Ксения бошчилигидаги Россия «Қаҳрамонлар лигаси» лойиҳаси ва ШҲТ Иссиқкўл марафонини ташкил этувчиси Run The Silk Road лойиҳаси Бишкекда One Run ярим марафонини ўтказади. Бу ҳақда Run The Silk Road сайтида хабар берилган.

4 июнь куни 10 000, 5 000 ва 1000 метрга ярим марафон бўлиб ўтади. Спорт мусобақаларида қатнашиш пулли. 1 километрлик пойга 800 сўм (9 доллар), 5 ва 10 километр – 1200 сўм (14 доллар) туради. Болалар фақат бир километр масофани босиб ўтишлари мумкин. Пенсия гувоҳномаси тақдим этилган тақдирда пойгада иштирок этиш нархи 600 сўмга (7 доллар) туширилади.

Имконияти чекланган шахслар бепул иштирок этиши мумкин.

«Ярим марафоннинг асосий мақсадлари: соғлом турмуш тарзи ва спортни тарғиб қилиш, тадбир иштирокчиларининг иродали фазилатларини сафарбар этиш, ҳаваскорлар ва профессионаллар учун энг йирик югуриш мусобақасини ташкил этишдан иборат», — дейилади хабарда.

Ташкилотчиларнинг маълум қилишича, One Run халқаро ярим марафони Қирғизистондан ташқари 4 июнь куни Россия Федерациясининг барча ҳудудларида, шунингдек, Беларусь, Арманистон, Хитой ва Тожикистонда ҳам бўлиб ўтади. Айни пайтда Тожикистон оммавий ахборот воситалари ҳозирча бу ҳақда ҳеч қандай маълумот бермаган.

Ксения Шойгу — Россия триатлон федерацияси президенти. У ўзининг ижтимоий тармоқларида соғлом турмуш тарзини фаол тарғиб қилади. Унинг «Қаҳрамонлар лигаси» лойиҳаси бир вақтнинг ўзида мамлакатнинг кўплаб шаҳарларида бўлиб ўтадиган Бутунроссия ZABEG.RF ни ўтказади. Ксения Шойгунинг турмуш ўртоғи Алексей Столяров машҳур россиялик блогер.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ