Толиблар Афғонистон шимолида аёллар радиостанциясининг қайта очилишига рухсат берди

Sada-e-Banwan радиостанцияси бошловчилари. АР сайти фотосурати

«Толибон»* радикал ҳаракати Афғонистон шимолидаги Бадахшон вилоятида эфирга узатиладиган Sada-e-Banwan (дарий тилидан таржимаси – «Аёллар овози») аёллар радиоси фаолиятини қайта бошлашга рухсат берди. TOLOnews телеканали маълумотларига кўра, бир ҳафта аввал толиблар мусиқа эшиттирилаётгани сабабли радиостанцияни ёпишган.

«Биз [толиблар томонидан тузилган] Ахборот ва маданият бошқармаси идораси билан боғланиб, [станциянинг трансляцияси] пайтида ҳато қилмасликка ҳаракат қилишга ваъда бердик»— деди радиостанция бошлиғи Нажиа Сорош (Najia Sorosh).

«Аёллар орасида радио тингловчилар эркакларникига қараганда кўпроқ. Бадахшон аҳолиси [аёлларга аталган] дастурларга эга бўлиши учун аёллар матбуоти жуда муҳим»,дейди Бадахшон Журналистларини Ҳимоя Қўмитаси раҳбари Моҳибулла Саёдий (Mohibullah Sayedi).

Вилоят ахборот ва маданият бошқармаси бошлиғи Моазуддин Аҳмадий (Moazuddin Ahmadi) нинг таъкидлашича, радиостанция мусиқа бергани ва ходимлари орасида эркаклар бўлгани учун бир ҳафта олдин ёпилган.

«Улар [Sada-e-Banwan раҳбарияти] икки жиҳатни назорат қилишни ўз зиммаларига олдилар. Биз бугун бу ерга келдик ва уларнинг радиостанциясини қайта очдик. Иншооллоҳ, уларда самарали эфир бўлади ва бу ерда кўплаб аёллар ишлайдилар», — дейди Аҳмадий.

Қайд этилишича, ҳозирда Бадахшон вилоятида иккита телеканал ва 10 та радио ишламоқда. Ушбу оммавий ахборот воситаларидан иккитаси аёллар томонидан бошқарилади.

2021 йил августида ҳокимиятни қўлга киритгач, толиблар оммавий ахборот воситалари ишини сезиларли даражада чеклаб, аёллар ҳуқуқларини поймол қила бошладилар ва мусиқани омма олдида ижро этишни тақиқладилар. Шу билан бирга, ижтимоий тармоқларда вақти-вақти билан «Толибон» жангарилари қўшиқ куйлаётгани ёки чолғу асбобларини чалаётгани билан боғлиқ видеолар пайдо бўлиб туради.

Бу радикаллар томонидан киритилган ва ўзлари томонидан бузилаётган ягона тақиқ эмас. Масалан, Афғонистоннинг ўзида аёлларнинг таълим олишига чекловлар қўйилганига қарамай, радикал ҳаракатнинг айрим юқори мартабали аъзолари ўзларининг аёл қариндошларига ҳам Афғонистонда, ҳам хорижда ўқишга рухсат беришади.

*«Толибон» ҳаракати РФ ва кўпгина давлатларда террорчи ташкилоти сифатида тан олинган ва тақиқланган (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ