Россия ва Беларусь байроқлари сабаб 12 давлат Тошкентда бўлиб ўтадиган бокс бўйича жаҳон чемпионатига бойкот эълон қилди

Бокс. insidethegames.biz сайти фотосурати

Буюк Британия 2023 йил баҳорида Тошкентда бўлиб ўтадиган бокс бўйича жаҳон чемпионатини бойкот қилишга қарор қилган 12-давлат бўлди. Халқаро бокс ассоциацияси (IBA) Россия ва Беларусь спортчиларига ўз байроқлари остида иштирок этишга рухсат бергани бойкотга сабаб бўлди, деб хабар беради Британия бокс федерацияси расмий сайти.

«Қарор Олимпия ўйинлари дастуридаги бокснинг келажаги билан боғлиқ давом этаётган хавотирларни ҳамда IBAнинг Россия ва Беларусь бокс жамоаларига ўз байроқлари остида мусобақаларда қатнашишларига рухсат бериш ҳақидаги яқинда қабул қилган қарорини акс эттиради, бу эса ХОҚнинг бошқа мамлакатлар спортчиларининг иштироки ҳақидаги позициясига зиддир. Бу ҳолат IBA ва Олимпия ҳаракати ўртасидаги масофани оширди», — дейилади федерация баёнотида.

Шунингдек, мазкур бойкот Украина халқи, боксчилари, мураббийлари ва расмийлари билан бирдамликни билдиради.

Буюк Британиядан ташқари АҚШ, Польша, Швейцария, Нидерландия, Ирландия, Чехия, Швеция, Канада, Украина, Германия ва Норвегия терма жамоалари Тошкентда бўлиб ўтадиган жаҳон чемпионатини бойкот қилишга қарор қилишди. Худди шу сабабдан ушбу мамлакатлар термалари Ҳиндистонда бўлиб ўтадиган бокс бўйича аёллар ўртасидаги жаҳон чемпионатини ҳам ўтказиб юборади.

Ўз навбатида, IBA раҳбари россиялик Умар Кремлёв россиялик ва беларуслик спортчилар халқаро турнирларда ўз байроғи остида қатнаша олишлари кераклигини айтди.

1 майдан 14 майга қадар Тошкентда эркаклар ўртасида бокс бўйича 2023-йилги жаҳон чемпионати бўлиб ўтади.

ℹ️ Россия ҳукумати томонидан Украина ҳудудида махсус ҳарбий операция (МҲО) ўтказаётгани муносабати билан айрим спорт турлари бўйича Россия ва Беларусь спортчилари аксарият расмий мусобақалардан четлаштирилган. Халқаро олимпия қўмитаси (ХОҚ) мухлисларга Россия ва Беларусь рамзлари билан стадионларга киришни тақиқлади. Шу билан бирга, теннис каби баъзи спорт турлари бўйича бир қатор федерациялар руслар ва беларусларга нейтрал байроқ остида мусобақаларда қатнашишларига рухсат берган. IBA бундан ҳам чуқур кетди ва ХОҚ қарорига қарши ўлароқ бу икки давлат байроқлари ва мадҳияларига рухсат берган ҳолда бокснинг Олимпиада ўйинларига киритилишини шубҳа остига қўйди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ