Ўзбекистон Солиқ қўмитасининг икки ходими тадбиркорлардан ноқонуний ушлаб қолинган солиқ учун ишдан бўшатилди

ЎЗБЕКИСТОН СОЛИҚ ҚЎМИТАСИ БИНОСИ. СҚ МАТБУОТ ХИЗМАТИ ФОТОСУРАТИ

Ўзбекистон солиқ тизимининг икки нафар раҳбар ходими тадбиркорлардан даромад солиғини ноқонуний ушлаб қолгани учун ишдан бўшатилди. Бу ҳақда Солиқ қўмитаси (СҚ) матбуот хизмати хабар берди.

Солиқ қўмитаси масъул назорат департаменти бошлиғи Б.Муқимов ва Тошкент шаҳар бўлим бошлиғи О.Лутфиллаев «ишда йўл қўйган камчиликлари учун» эгаллаб турган лавозимларидан озод этилган.

Бундан ташқари, Тошкент шаҳар солиқ бошқармаси бошлиғи Ю.Насимжанов ва Бошқарма бошлиғининг биринчи ўринбосари Ж.Мирпўлатовнинг махсус унвонлари бир поғонага пасайтирилиб, интизомий жазо чораси белгиланган.

Шунингдек, Солиқ қўмитаси солиқ тўловчиларга хизмат кўрсатиш департаменти бошлиғи Х.Базаровга нисбатан ҳайфсан интизомий жазо чораси тайинланган.

Интизомий жазо чораларига тошкентлик тадбиркорларнинг ижтимоий тармоқларда уларнинг ҳисобварақларидан даромад солиғи сифатида асоссиз равишда маблағ олиб қўйилгани ҳақидаги шикоятлари сабаб бўлган.

Солиқ қўмитаси 28 март куни соат 13:00 (Москва вақти билан 11:00)гача солиқ тўловчиларга улардан ортиқча ундирилган суммалар тўлиқ қайтарилишини маълум қилди.

Тошкент шаҳар солиқ органларида аниқланган ҳуқуқбузарлик ҳолатлари бўйича ички аудит ўтказилиб, натижалари ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборилади.

«Ҳурматли тадбиркорлар, Солиқ қўмитаси қайд этилган ҳолатлар бўйича вақтида ахборот берган тадбиркорлик субъектларига миннатдорлик билдирган ҳолда, суммасидан қатъий назар келгусида қайд этиладиган ҳар бир ҳолат бўйича Солиқ қўмитасига ёки @dsq_anticorrupciya_bot га мурожаат қилишингизни илтимос қилади», — дейилади СҚ матбуот хизмати хабарида.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ