ИШИД Кобулдаги ТИВ биноси яқинида содир этилган худкушлик ҳужуми учун жавобгарликни ўз зиммасига олди

Қобулдаги ТИВ биноси олдида худкуш ўзини портлатган жой. TOLOnews сайти фотосурати

«Ироқ ва Шом ислом давлати» (ИШИД)* террорчилик гуруҳи 27 март куни Кобулда Ташқи ишлар вазирлиги биноси олдида содир этилган худкушлик ҳужуми учун жавобгарликни ўз зиммасига олди. Бу ҳақда TOLOnews телеканали ИШИД ахборот ресурсларидан бирининг баёнотига таяниб хабар берди.

Сўнгги маълумотларга кўра, худкуш-террорчининг ўзини портлатиб юбориши натижасида олти киши ҳалок бўлган.

Бу жорий йилда ИШИДнинг Ташқи ишлар вазирлиги биноси яқинида содир этган иккинчи ҳужумидир. 11 январь куни мазкур гуруҳнинг худкуш-террорчиси қўриқланадиган периметрга кираверишда ТИВ ходимлари олдида қўлбола портловчи мосламани ишга туширган. Ўшанда 21 киши ҳалок бўлганди — вазирлик ходимлари ва «Толибон»* радикал ҳаракатига қарашли соқчилар.

Эслатиб ўтамиз, 9 март куни ИШИДнинг худкуш-террорчиси шимолий Балх вилояти маъмуриятида ўзини портлатиб юборганди – натижада толиблар томонидан ҳудудга тайинланган губернатор Муҳаммад Довуд Музаммил ҳалок бўлганди. Бу «Толибон»нинг 2021 йил август ойида Афғонистонда ҳокимиятни эгаллаб олганидан сўнг террорчилар томонидан ўлдирилган энг юқори мартабали амалдори эди.

27 март куни «Толибон»нинг Бош разведка бошқармаси (БРБ) Балх губернаторига қарши уюштирилган терактда Тожикистон фуқаролари алоқадор экани ҳақида баёнот берди.

«[Шимолий Афғонистон] Фарёб вилоятида операция ўтказилди, натижада Балх вилояти губернаторига ҳужумда иштирок этган гуруҳнинг барча аъзолари қўлга олинди <...> Ушбу операция давомида гуруҳ аъзолари Тожикистон фуқаролари эканлиги ва улар мазкур ҳужумни амалга ошириш учун Афғонистонга юборилгани исботланди», — дейилади толиблар БРБ баёнотида.

ИШИДнинг афғон бўлинмаси «ИШИД-Хуросон»* 2021 йил августида толиблар Афғонистонни эгаллаб олганидан бери мунтазам ҳужумлар уюштириб келади. «ИШИД-Хуросон» жангарилари толиблар патрулларига пистирма уюштирадилар, уларга кўчаларда ҳужум қиладилар, шунингдек «Толибон» расмий ёки норасмий ваколатхоналари биноларида ўзларини портлатадилар.

*Юлдузча билан белгиланган ташкилотлар Россия ва кўпгина давлатларда террорчи сифатида тан олинган ва тақиқланган (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ