Толиблар илк бор Тожикистонга расмий ташриф буюрганини маълум қилдилар

Толиблар ТИВ логотипи

«Толибон»* радикал ҳаракати делегацияси 2021 йил августида Афғонистонда ҳокимиятни қўлга киритганидан сўнг илк бор Тожикистонга расман ташриф буюрди. Бу ҳақда толиблар ҳукуматининг Ташқи ишлар вазирлиги вакили Абдул-Қаҳар Балхий ўзининг Twitterдаги саҳифасида маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, делегацияга ТИВ маъмурий-молиявий департаменти раҳбари Муҳаммад-Муса Амирий бошчилик қилган.

Радикал ҳаракат вакиллари Тожикистоннинг Тоғли Бадахшон мухтор вилояти (ТБМВ) маъмурий марказига ташриф буюриб, Афғонистон консуллиги фаолияти билан танишган ва уни таъмирлашга бўлган эҳтиёжни баҳолаган. Консуллик биноси март ойи ўрталарида қор кўчкиси туфайли вайрон бўлган эди.

Таъкидлаш жоиз, Афғонистоннинг барча қўшниларидан фақат Тожикистон Кобулда толиблар ҳокимиятни эгаллаб олганини очиқ танқид қилган ва улар билан мулоқот ўрнатишдан бош тортган. Хусусан, президент Эмомали Раҳмон аввали «Толибон» ҳукумати қонуний эмас ва қонунийликка эришиш йўлида чора кўрмаяпти, деганди.

Миллий қаршилик фронти (МҚФ) етакчиси Аҳмад Масуд Тожикистонда истиқомат қилаётгани ҳақида оммавий ахборот воситаларида бир неча бор маълумотлар пайдо бўлганди. МҚФ асосан этник тожиклардан иборат бўлиб, толибларга қарши қуролли кураш олиб боради.

Қайд этиш жоиз, «Толибон» асосан пуштунлардан иборат бўлиб, ўз навбатида Тожикистон расмийлари ҳам узоқ вақт давомида у ёки бу шаклда афғон тожикларини қўллаб-қувватлаб келган. Афғонистонда ҳокимият алмашгандан сўнг расмий Душанбе бир неча бор толиблар бошқа этник гуруҳларга, хусусан, тожикларга зулм ўтказаётганини таъкидлаб, радикал ҳаракат ўзини легитимлаштириши, бошқа давлатлар томонидан тан олинишини ва Афғонистондаги турли сиёсий кучлар ва этник гуруҳлар вакилларидан иборат коалиция ҳукумати тузиши кераклигини талаб қилган.

Шунга қарамасдан, Тожикистон мунтазам Афғонистонга электр энергиясини сотади ва муҳтож афғонларга инсонпарварлик ёрдами етказади.

*«Толибон» ҳаракати РФ ва кўпгина давлатларда террорчи ташкилоти сифатида тан олинган ва тақиқланган (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ