Пекинда 2003 йилдан бери илк бор ўлим даражаси туғилишдан ошиб кетгани қайд этилди

Пекин аҳолиси. okitay.ru сайти фотосурати

2022 йили 21 миллиондан ортиқ аҳоли истиқомат қиладиган Пекинда туғилишдан кўра кўпроқ ўлим қайд этилган, натижада аҳолининг табиий ўсиши 1000 кишига минус 0,05 нисбатида бўлган. Хитой пойтахтида 2003 йилдан бери биринчи марта вафот этганлар сони туғилганлар сонидан ошиб кетган. Бу ҳақда Пекин расмийлари ҳисоботига таяниб The Guardian хабар берди.

Ҳисобот шуни кўрсатадики, шаҳарда ўлим даражаси ҳар 1000 кишига нисбатан 5,72 та ўлимга кўтарилган, туғилиш даражаси эса 1000 кишига нисбатан 5,67 миқдорда бўлган. Шу билан бирга, ҳужжатда COVID-19 туфайли юзага келган ўлим тўлқини туғилиш ва ўлим нисбатига қанчалик таъсир қилганига аниқлик киритилмаган.

Демографларнинг фикрича, қайд этилган салбий тенденция Хитойда туғилишнинг пасайишига асос бўлган иқтисодий ва ижтимоий омиллар сабаб бўлган Хитойдаги умуммиллий тенденцияларга мос келади.

«Яшаш ва таълимнинг қимматлиги, шунингдек, Пекиндаги таълим даражасини ҳисобга оладиган бўлсак, доимий яшовчилар орасида туғилиш даражаси паст бўлиши одатий ҳолдир», — дейди Австралиядаги Виктория университети Сиёсатшунослик марказининг катта илмий ходими Сюцзянь Пэн (Xiujian Peng).

2022 йил учун расмий маълумотлар шуни кўрсатадики, бутун Хитой бўйича туғилиш даражаси 1000 кишига нисбатан 6,77 та туғилишга тушиб кетган ва бу кузатувлар тарихида рекорд даражадаги энг паст кўрсаткич ҳисобланади.

Пекин аҳолиси ҳақидаги маълумотлар шаҳарнинг туб аҳолисига асосланади ва ўз вилоятларидан иш излаб келган кўп сонли меҳнат муҳожирларини ўз ичига олмайди.

Хитой ўнлаб йиллар давомида «бир оила – бир бола» сиёсатини қатъий амалга ошириб келган, уни фақат 2016 йили бекор қилган. ХХР ҳукумати айни дамда эр-хотинларни бир нечта фарзанд кўришга ундамоқда, бироқ одамлар яшаш нархининг ошиши, оилаларда гендер ролларининг ўзгариши ва ишга жойлашиш талабларининг ортиши каби омилларни келтириб, бундай йўл тутмаяптилар.

Демографлар фикрича, қонунчиликдаги ўзгаришлар ва ислоҳотлар, жумладан, оналикни ҳимоя қилиш имкониятларини кенгайтириш, туғилишни қайд этишда қоғозбозликни қисқартириш, моддий рағбатлантириш ва абортни тақиқлаш, мазкур тенденцияни ўзгартириш учун етарли ҳолат эмас.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ