Eurasian Resources Groupнинг (ERG) шўъба корхонаси ERG Exploration Афғонистонда геологик қидирув ишларини олиб бориш ниятини билдирди, деб хабар беради Қозоғистон ҳукумати матбуот хизмати.
«ERG Exploration ҳозирда Афғонистон томони билан қўшимча геологик маълумотларни олиш учун музокаралар олиб бормоқда. Керакли тадқиқотлар якунлагандан сўнг, ERG Афғонистондаги геологик қидирув лойиҳаларига қўшилишни режалаштирмоқда», — дейилади хабарда.
ERG Exploration — ERGнинг ўз геологик қидирув компанияси ҳисобланади. Ундан ташқари «Казахмыс Барлау» («Казахмыс» таркибига киради) ҳам Афғонистоннинг минерал ресурсларига қизиқиш билдирган. У «Казатомпром» билан биргаликда Афғонистонда иккита геологик миссия ўтказган, бериллий ва қўрғошин конларини ўрганган. Миссиялардан сўнг, «Казахмыс Барлау» Лағмон вилоятидаги минерал конида қидирув ишларини бошлаган.
«Казахмыс» мис қазиб олиш корпорациясининг асосий эгаси Владимир Ким бўлиб, у Forbes версияси бўйича Қозоғистоннинг энг бой одамлари рўйхатида учинчи ўринни эгаллайди, унинг соф бойлиги 5,7 миллиард долларни ташкил этади.
ERG — минерал ресурсларни қазиб олиш ва қайта ишлаш билан шуғулланадиган халқаро компаниялар гуруҳи. Унинг асосий акциядори (40%) Қозоғистон ҳукумати ҳисобланади. Тадбиркор Патох Шодиев 18,6% улушга эгалик қилади, Александр Машкевич (2025 йил март ойида вафот этган) меросхўрлари ва Ибрагимовлар оиласи 20,7% дан улушга эга.
Шу йил баҳорда Афғонистонга Қозоғистондан бир гуруҳ мутахассис-геолог ва муҳандислар келгани, улар Афғонистон Кончилик ва нефть вазирлиги ҳамроҳлигида бир қатор конларга ташриф буюргани ҳақида хабар берилган эди.
Қозоғистон Республикаси Саноат ва қурилиш вазири ўринбосари Эрон Шархон таъкидлашича, мутахассислар Нуристон вилоятида бериллий, қўрғошин ва рух бўлиши мумкин бўлган конлардан 130 кг руда намуналарини йиғишган. Лабораторияларда батафсил таҳлил қилиш учун намуналар Қозоғистонга юборилган. Натижаларни олгач, Қозоғистон томони «конларни янада ўзлаштириш бўйича музокараларнинг чуқурроқ форматини» бошлашга тайёр бўлади.



