Росатом Тожикистоннинг Истиқлол шаҳридаги «Табошар» саноат майдончасидаги энг муаммоли объект бўлган «Камбағал уран рудаси фабрикаси» чиқиндиларини рекултивация қилишни якунлади. Бу ҳақда чоршанба куни Росатомнинг ёқилғи компанияси бўлмиш ТВЭЛ матбуот хизмати маълум қилди.
Бугунги кунга келиб чиқиндихонада ҳимоя қобиғини яратиш бўйича ишлар ниҳоясига етказилган ва биринчи навбатдаги қолдиқни мелиоратив ҳолатига келтириш ишлари якунланган.
«Ишлар натижасида «Камбағал уран рудаси фабрикаси» чиқиндилари текисланиб қолган. «Уранли» уюмлар қирғоғининг баландлиги имкон қадар қисқартирилган — 65 метрдан 36 метргача, бу лойиҳа кўрсатгичидан ошган, унга кўра уни 45 метрга тушириш режалаштирилган эди», — дейилади хабарда.
Тожикистон Ядро ва радиация хавфсизлиги агентлиги мутахассислари томонидан олиб борилган мониторинг шуни кўрсатадики, қайта тикланган чиқиндихона периметри бўйлаб радиациявий фон 10 бараварга пасайган ва 0,2 мкСв/соат кўрсатгичини ташкил этган, бу эса нормага тўғри келади.
Таъкидланишича, иш жойида барча зарур инфратузилма нолдан қурилган: электр узатиш линияси хавфсиз ҳудудга кўчирилган, муҳандислик ва техник хизмат кўрсатиш майдончалари қурилган, ходимлар учун санитария назорати пунктлари жиҳозланган, транспорт воситаларини зарарсизлантириш биноси қурилган. Объектда назорат-ўтказиш пункти ва радиациявий хавфсизлик хизмати ишлайди.
«Камбағал руда фарикаси» нинг эски темир-бетон конструкциялари ва жиҳозларини бузиб ташлаш бўйича ҳам кенг кўламли ишлар амалга оширилган – ювиш цехининг монолит блоклари, майдалаш ва саралаш қутилари жиҳозлари, бетон устунлар демонтаж қилинган. Барча йирик ўлчамдаги парчалар устахонанинг темир-бетон косаларида изоляция қилинган ва ҳимоя экрани билан қопланган.
Лойиҳа доирасида яна учта чиқиндихонани худди шундай технология бўйича – ҳимоя қобиғи қурилиши билан рекултивация қилиш кўзда тутилган.
ТВЭЛнинг эксплуатациядан чиқариш дастурлари директори Эдуард Никитиннинг сўзларига кўра, «Табошар» саноат майдончаси объектларини мелиоратив ҳолатига келтириш ТВЭЛ учун МДҲдаги биринчи лойиҳадир. Лойиҳани якунлаш 2023 йил охирига режалаштирилган.
Эслатиб ўтамиз, Тожикистонда илгари фаолият кўрсатаётган уран конлари, шунингдек, рудани қайта ишловчи қатор кон-кимё заводлари жойлашган. 1925 йили очилган Табошар (ҳозирги Истиқлол) шаҳри яқинидаги Табошар кони Совет давридаги энг йирик уран конларидан бири бўлган.
У ерда 1944 йилдан 1965 йилгача фаол уран қазиб олиш ишлари олиб борилган. Истиқлолда жойлашган барча чиқиндихоналар ичида энг муаммолиси бу «Камбағал рудалар фатрикаси» очиқ омбори – қайта ишлашга мўлжалланган майдаланган материаллар тепалиги бўлган. Унинг чиқиндилари бир неча ўн йиллар давомида шамол ва сув эрозиясига дучор бўлган.
2021 йилдан бери ТВЭЛ МДҲга аъзо давлатларнинг ядровий мероис, ишлатилган ядро ёқилғисини йўқ қилиш, радиоактив чиқиндилар билан ишлаш ҳамда ядровий ва радиациявий хавфли объектларни эксплуатациядан чиқариш бўйича таянч ташкилоти ҳисобланади.