«Толибон»* радикал ҳаракати томонидан тузилган афғон ҳукумати айрим собиқ хорижий ҳарбий базаларни махсус иқтисодий зоналарга айлантириш ниятида. Бу ҳақда 20 февраль ВВС хабар берди.
Афғонистондаги иқтисодий вазият толиблар 2021 йил августида мамлакатда ҳокимиятни қўлга киритгач, ёмонлаша бошлади. Бунинг асосий сабабларидан бири Афғонистонга 2000 йиллар бошидан бери ёрдам бериб келаётган асосий донор давлатларнинг янги ҳукумат билан ҳамкорлик қилишдан бош тортгани бўлди. Шунингдек, халқаро ташкилотларнинг аксарияти мамлакатда фаолиятини тўхтатган.
Бош вазирнинг иқтисодий масалалар бўйича ўринбосари Мулла Абдул Ғани Барадар 20 йилдан бери хорижий контингентлар жойлашган бир қатор собиқ ҳарбий базаларни ўзгартириш режаларини маълум қилди.
«[Афғонистон] Саноат ва савдо вазирлиги хорижий кучларнинг [айрим] ҳарбий базаларини махсус иқтисодий зоналарга айлантириш ниятида уларни босқичма-босқич назоратга олиши керак, деган қарорга қелинди», — деди Барадар.
У лойиҳа пойтахт Кобул ва шимолий Балх вилоятидаги базалардан бошланишини қўшимча қилди, бироқ тафсилотларни гапирмади.
Мутахассисларнинг фикрича, Афғонистонда 1 триллион доллардан ортиқ табиий ресурслар, жумладан, табиий газ, мис ва ноёб ерости элементлари мавжуд. Бироқ, бу захираларнинг аксарияти мамлакатда ўнлаб йиллар давом этган беқарорлик туфайли фойдаланилмаяпти.
Аввалроқ, толиблар Афғонистон шимолида нефть қудуқларини бурғулаш бўйича Хитой фирмаси билан шартнома имзолашни режалаштираётганини маълум қилганди. 25 йиллик шартнома Хитойнинг минтақадаги иқтисодий иштирокини урғулайди.
Пекин бошқа барча давлатлар сингари «Толибон» ҳукуматини расман тан олмаган, бироқ Хитойнинг «Бир камар, бир йўл» ташаббуси учун ушбу муҳим минтақа марказида жойлашган Афғонистонда жиддий манфаатлари бор.
2013 йили Си Цзиньпин томонидан бошланган ташаббус ривожланаётган мамлакатларга портлар, йўллар ва кўприклар каби инфратузилмани қуриш учун маблағ ажратади.
*«Толибон» ҳаракати РФ ва кўпгина давлатларда террорчи ташкилоти сифатида тан олинган ва тақиқланган (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).