Тожикистон жануби-шарқий ҳудудларидаги қор кўчкиларидан қурбон бўлганлар сони 15 кишига етди

Тожикистон ФВҚ матбуот хизмати фотосурати

Тожикистон жануби-шарқидаги қор кўчкиси оқибатида 15 киши ҳалок бўлган: 14 киши Тоғли Бадахшон автоном вилоятида, бир киши Душанбе-Варзоб автомагистрали ҳудудида ҳалок бўлган. Бу ҳақда 16 февраль куни Республика Фавқулодда вазиятлар қўмитасида маълум қилинди.

Вилоятда 13 февралдан 15 февралгача жами 27 марта қор кўчкиси қайд этилган. Энг йирикларидан бири Хоруғ шаҳри Носир Хисрав номидаги маҳалла (квартал)ни қамраб олган. Оқибатда тўртта уй бутунлай вайрон бўлган, 35 та уй ва 5 та хўжалик объекти қисман вайрон бўлган. 12 киши турли тан жароҳатлари олган. 400 дан ортиқ хонадон аҳолиси хавфли ҳудудлардан эвакуация қилинган. Зарар миқдори аниқланмоқди.

Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон ҳалок бўлганларнинг оила аъзоларига ҳамдардлик билдирди. Унинг топшириғига биноан табиий офат оқибатларини бартараф этиш бўйича давлат комиссияси тузилиб, жабрланган оилаларга озиқ-овқат, иссиқ кийим ва зарур уй-рўзғор буюмлари етказиб берилади.

ℹ️ ТБАВнинг кўплаб тоғли ҳудудларида қор кўчкиларига кучли қор ёғиши сабаб бўлган. ФВҚ маълумотларига кўра, Хоруғ ва вилоят туманларида қор қопламининг қалинлиги 20 см (Ишкашим тумани) дан 1,2 метргача (тоғли қишлоқларда) ташкил этади.

19 февралга қадар Тоғли Бадахшон туманларида, Ҳисор тоғ тизмаларида, шунингдек, Душанбе – Хўжанд, Душанбе – Рашт – Ляхш, Хоруғ – Мурғоб, Душанбе – Хоруғ автомобиль йўлларида катта қор кўчкиси ва тошлар қулаши хавфи сақланиб қолади. Фавқулодда вазиятлар қўмитасининг қутқарув гуруҳлари қийин ва сирпанчиқ йўлларда кечаю кундуз навбатчилик ташкил этган.

❗️Таъкидлаш жоиз, қўшни Ўзбекистонда 15 февраль куни қор кўчкилари туфайли Қамчиқ довони орқали ўтувчи Тошкент-Ўш автомобиль йўлининг бир қисми вақтинча ёпилган эди. Воқеа жойига Фавқулодда вазиятлар вазирлиги раҳбари Абдулла Қўлдошев етиб келган. Йўл қордан тозаланган ва қум-туз аралашмаси билан қопланган. Йўл яқин соатларда очилиши кутилмоқда.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ