Ўзбекистон толиблар билан Ҳайратон-Мозори Шариф темир йўлига хизмат кўрсатиш бўйича келишувни узайтирди

Афғонистон темир йўллари бошқармаси ва «Сўғдиёна Транс» ўртасида шартнома имзоланиши. «Ўзбекистон темир йўллари» сайти фотосурати

Афғонистон темир йўллари бошқармаси ва «Сўғдиёна Транс» («Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамияти шўъба корхонаси) 12 февраль куни Ҳайратон-Мозори Шариф темир йўли эксплуатациясини давом эттириш тўғрисида шартнома имзолади. Бу ҳақда Термиз шаҳрида бўлиб ўтган музокаралар якунлари бўйича «Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамияти матбуот хизмати хабар берди.

Янги шартномага кўра, «Сўғдиёна Транс» ушбу участкага яна икки йил хизмат кўрсатади.

Бундан ташқари, томонлар Мозори Шариф терминал станциясига юкларни етказиб беришни биргаликда тиклашни тезлаштириш ва Афғонистон темир йўл бошқармаси мутахассисларини тайёрлашга келишиб олдилар.

Афғонистон делегациясининг «Ўзбекистон темир йўллари» ва «Сўғдиёна Транс» компанияси вакиллари билан музокаралари 8 февраль куни бошланган. Икки кундан сўнг томонлар темир йўл фаолиятини давом эттириш тўғрисидаги протоколни имзоладилар ва 1 февралдан тўхтатилган юк вагонларини Афғонистонга етказишни қайта бошладилар. 10-11 февраль кунлари 714 та вагон етказиб берилди.

Декабрь ойида Афғонистон темир йўл бошқармаси раҳбари Бахт-Раҳмон Шарафат Қозоғистоннинг Mansour Fatih компанияси билан темир йўлнинг Ҳайратон-Мозори Шариф қисмига хизмат кўрсатиш бўйича шартнома имзоланганини айтганди, бироқ Ўзбекистон бу маълумотни рад этиб, музокаралар давом этаётганини таъкидлади.

«Сўғдиёна транс» корхонаси 2011 йил декабрь ойида «Ҳайратон-Мозори Шариф» темир йўл линиясини ишлатиш ва унга хизмат кўрсатиш мақсадида ташкил этилган. «Ўзбекистон темир йўллари» компанияси 2010 йил ноябрь ойида 129 миллион долларлик 75 км узунликдаги линия қурилишини якунлади.

Афғонистон импортининг деярли ярми Ҳайратон станцияси орқали ўтади, шунингдек, гуманитар юкларнинг салмоқли қисми ҳам.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ