Тожикистон ҳудудида ўнта янги олтин конлари топилган. Бу ҳақда 1 феврал куни журналистлар билан бўлиб ўтган учрашувда республика ҳукумати ҳузуридаги Геология бош бошқармаси бошлиғи Илҳомжон Оймуҳаммадзода маълум қилди, деб ёзади «Азия-плюс».
Оймуҳаммадзоданинг сўзларига кўра, конлар марказий Тожикистон ва Тоғли Бадахшон мухтор вилоятида жойлашган. Уларнинг заҳиралари тегишли тадқиқотлардан кейингина аниқ аниқланади.
Бундан ташқари, Мўминобод ва Шамсиддин Шохин ҳудудларида умумий узунлиги 52,5 км бўлган 13 та сочма олтин ўринлари аниқланган. Оймуҳаммадзода таъкидлаганидек, Молия вазирлигидан ушбу ҳудудларда эркин қазиб олиш учун рухсатномалар бериш сўралган.
Аввалроқ Тожикистон Саноат вазирлиги республикада катта олтин заҳиралари борлиги ҳақида хабар берганди. Мамлакатнинг олтин активлари саноат олтин заҳираларига эга 137 та кон ва 127 та носаноат конларидан иборат.
Тожикистондаги асосий олтин қазиб олувчи «Зарафшон» тожик-хитой қўшма корхонаси бўлиб, мамлакатда қазиб олинадиган металл умумий ҳажмининг қарийб 70% улуши унга тўғри келади.
Умуман олганда, мамлакатда 10 дан ортиқ корхона олтин қазиб олиш билан шуғулланади, улардан энг йириклари «Зарафшон» ҚК билан бир қаторда «Апрелевка» Тожикистон-Канада қўшма корхонаси, «Тиллои тожик» давлат корхонаси, «Одина» артели, «Пакрут» компаниясидир.
Ўтган йили Хитойнинг ТВEА компанияси Айний туманида иккита конни ўзлаштира бошлади.