Афғонистон Ўзбекистондан энергия етказиб бериш қайта тикланганини маълум қилди

DABSнинг Қобулдаги бош офиси. Ижтимоий тармоқлардан олинган фотосурат

Ўзбекистон Афғонистонга электр энергияси етказиб беришни тиклади. Бу ҳақда Афғонистон энергетика компанияси Da Afghanistan Breshna Sherkat (DABS)нинг Кобул вилоятидаги филиали раҳбари Ҳикматулла Охундзода маълум қилди, деб хабар беради TOLOnews телеканали.

Шу билан бирга, Охундзода афғонлар ваъда қилинган 250 МВт ўрнига бор-йўғи 100 МВт қувват олишини, шундан 90 МВт қувват Қобулга йўналтирилишини таъкидлади.

Ўз навбатида, Афғонистон Саноат ва тоғ-кон палатаси раҳбари ўринбосари Сахи-Аҳмад Пайманнинг айтишича, Кобулга Ўзбекистондан электр энергияси етказиб берилмаган кунларда пойтахт саноат паркларида жойлашган корхоналарнинг 90 фоизи ўз фаолиятини тўхтатган.

Январь ойи ўрталарида Ўзбекистондан Афғонистонга электр энергияси етказиб бериш тўхтатилди. «Ўзбекистон Миллий электр тармоқлари» давлат корхонаси маълумотларига кўра, ҳароратнинг кескин пасайиши туфайли иссиқлик электр станцияларини ёқилғи билан таъминлашда муаммолар юзага келгани сабаб электр энергиясини етказиб бериш тўхтатилган.

ℹ️ Афғонистонга электр энергиясини етказиб берувчи асосий давлатлар Ўзбекистон, Туркманистон, Тожикистон ва Эрон ҳисобланади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ