РФ Тергов қўмитаси раҳбари Россия фуқаролигини олганларни Украинага «устувор тартибда» юборишга чақирди

Александр Бастрикин. iz.ru сайти фотосурати

Россия Федерацияси Тергов қўмитаси раҳбари Александр Бастрикин «махсус ҳарбий операция» (МҲО)да қатнашиш учун Россия фуқаролигини олган Марказий Осиё ва Кавказорти мамлакатларида туғилган инсонларни Украинага юборишни ёқлаб чиқди.

«Россия фуқаролигини олиш орқали бу одамлар нафақат ҳуқуқларни, балки амалдаги қонунчиликда белгиланган мажбуриятларни ҳам зиммасига оладилар. Улардан бири РФ Қуролли Кучларида ҳарбий хизматни талабларга мувофиқ ўташдир»,деди Бастрикин «Российская газета»га берган интервьюсида.

Унга кўра, чет элликлар ҳарбий хизматни четлаб ўтган ҳолда оммавий равишда Россия фуқаролигини оладилар.

«Охирги беш йил ичида Марказий Осиё ва Кавказортидан келган миллиондан ортиқ киши, жумладан, Тожикистон, Ўзбекистон ва Қирғизистоннинг 550 минг собиқ аҳолиси россия фуқаролигини олди. Биргина 2022 йилнинг биринчи ярмида ушбу давлатларнинг 60 мингдан ортиқ вояга этган фуқаролар Россия фуқаролигини олдилар. Улар нафақат ҳуқуқларни, балки уларни қабул қилган мамлакатни ҳимоя қилиш конституциявий мажбуриятини ҳам зиммасига олганлар.

Шу муносабат билан, фуқароликка қабул қилинган одамларни махсус ҳарбий операцияда иштирок этиши учун йўналтиришни устувор масала сифатида кўриб чиқиш мақсадга мувофиқдир», — деди Бастрикин.

Тергов қўмитаси раҳбари РФ ҳукумати «махсус ҳарбий операция шароитида» хорижий фуқароларни шартнома асосида хизматни ўташ эвазига соддалаштирилган тартибда Россия фуқаролигини олишни рағбатлантиришини эслатиб ўтди.

21 сентябрь куни Россияда қисман сафарбарлик эълон қилинди, бу мамлакатдан эркакларнинг оммавий чиқиб кетишига олиб келди. 30 сентябрь куни президент Владимир Путин ҳарбий хизматга камида бир йил шартнома тузган ва камида олти ой давомида ҳарбий ҳаракатларда қатнашган хорижликларни Россия фуқаролигига соддалаштирилган тарзда қабул қилиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Ноябрь ойида у чет эл фуқаролари, Россия фуқаролари каби, шартнома асосида армияда хизмат қилишлари мумкин бўлган тузатишларни тасдиқлади.

Айни пайтда Марказий Осиё давлатлари расмийлари ватандошларини хориждаги жанговар ҳаракатларда қатнашмасликдан бир неча бор огоҳлантириб, бу жиноий жавобгарлик эканини эслатиб келади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ