Тожикистонда илк бор сиам эгизакларини ажратиш бўйича операция амалга оширилди

Тожикистон ССВ матбуот хизмати фотосурати

Тожикистонда илк бор сиам эгизакларини ажратиш операцияси ўтказилди. Бу ҳақда Тожикистон миллий ахборот агентлиги «Ховар» хабар берди.

Хатлон вилоятининг Восе туманида эгизаклар – ўғил ва қизалоқ дунёга келган. Туғилиш сезарен кесиш билан амалга оширилган. Бола ўлик туғилган, унинг боши қизнинг орқа томонига уланиб қолганди. Унинг танаси синглисиникидан жарроҳлик йўли билан ажратиб олинган.

Операция «Шифобахш» миллий тиббиёт марказининг неонатал жарроҳлик бўлимида ўтказилган. Шифокорларнинг сўзларига кўра, янги туғилган чақалоқнинг аҳволи қониқарли, онаси жонлантириш бўлимида.

Марказий Осиёда сиам эгизакларини ажратиш бўйича биринчи операция Ўзбекистонда 2006 йили академик Б.В. петровский номидаги Россия жарроҳлик илмий маркази мутахассислари иштирокида ўтказилганди. Операцияда Ўзбекистон томонидан тиббиёт фанлари докторлари Ҳабибулла Оқилов, Андрей Девятов ва Соғлиқни сақлаш вазири Феруз Назиров, Россия томонидан академик Сергей Готье, тиббиёт фанлари докторлари Рашид Қаюмхўжаев ва Эдуард Ким, шунингдек, тиббиёт фанлари номзоди Сергей Тен иштирок этганди.

Операция 16 соат давом этган. Шифокорлар кўкрак ва қорин бўшлиғининг пастки қисми туташган ҳолда туғилган Хоразм вилоятидан тўрт ойлик Хасан ва Хусан Комилжоновларни ажратишга муваффақ бўлгандилар. Болаларда битта жигар бор бўлган, аммо анатомик тузилиш уни ажратишга имкон берган. Очиқ манбаларда ўғилларнинг кейинги тақдири ҳақида ҳеч қандай маълумот йўқ.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ