Россия Тожикистонга 657 минг доллар қийматидаги иккита мобил клиникани совға қилди

Мобил клиника. asiaplustj.info сайти фотосурати

Россия Тожикистонга иккита кўчма тиббиёт мажмуасини топширди — бири КАМАЗ юк машинаси, иккинчиси «ГАЗон автомашинаси». Ускуналарнинг умумий қиймати 41 миллион рублни (657 минг доллар) ташкил этди, дея хабар беради «Азия-Плюс».

Душанбедаги Республика ОИТС профилактикаси ва унга қарши курашиш марказида КАМАЗ негизидаги тиббиёт мажмуасини топшириш маросими бўлиб ўтди. Мазкур мажмуада республикага бўйсунувчи ҳудудларда юқумли касалликлар диагностикаси, ультратовуш текшируви, ЭКГ текширувлари, тиббий маслаҳатлар бепул амалга оширилиши режалаштирилган. Яна бир мажмуа («ГАЗон» негизида) аввалроқ топширилган ва ҳозирда Тоғли Бадахшон автоном вилоятида ишламоқда. Ҳар икки кўчма поликлиника замонавий тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозланган.

Тожикистонга мобил клиникаларни етказиб бериш Роспотребнадзорнинг ОИВ/ОИТСнинг олдини олиш, назорат қилиш ва назорат қилиш соҳасидаги техник ёрдам дастури доирасида амалга оширилмоқда.

«Азия-Плюс»нинг аниқлик киритишича, Россия мобил клиникалар фаолияти учун барча зарур маблағларни, жумладан, тиббий ва техник ходимларнинг меҳнатига ҳақ тўлаш, уларни ўқитиш, тест тизимлари ва услубий адабиётлар билан таъминлашни амалга оширади.

Дастур ишга туширилган 2013 йилдан буён 424 мингдан ортиқ киши юқумли касалликлар бўйича текширувдан ўтказилди, Тожикистоннинг 176 мингдан ортиқ аҳолиси тиббий кўрикдан ўтказилди ёки тиббий маслаҳат олди. Иккита янги мажмуа келтирилиши ҳисобга олинса, айни пайтда республикада Россиянинг олтита мобил клиникаси ишламоқда.

Россиянинг Тожикистондаги элчихонаси маслаҳатчиси Шамил Шамсутдиновга кўра, Россия ҳукумати ушбу мақсадлар учун 391 миллион рублдан (6,27 миллион доллар) ортиқ маблағ ажратган.

«Бундай муҳим ёрдам Россия қардош тожик халқи саломатлигини мустаҳкамлашга катта аҳамият бераётганидан дарак беради», — деди Шамсутдинов.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ