Эрон олий раҳбарининг жияни намойишларни қўллаб-қувватлагани учун ҳибсга олинди

Али Хоманаий. khamenei.ir сайти фотосурати

Эрон олий раҳбари Али Хоманаийнинг жияни Фарида Морадханий (Farideh Moradkhani) икки ойдан ортиқ давом этаётган ҳукуматга қарши намойишларни очиқ қўллаб-қувватлагани учун Ислом Республикаси ҳукумати томонидан ҳибсга олинди. Бу ҳақда CNN хабар берди.

Ижтимоий тармоқларда эълон қилган видеомурожаатида Морадханий, хусусан, дунё ҳамжамиятини Эрон ҳукумати мамлакатдаги аксилҳукумат ҳаракатларини шафқатсизларча бостираётгани учун у билан барча алоқаларни узишга чақирди.

Фариданинг укаси Маҳмуднинг айтишича, синглиси 23 ноябрь куни ҳибсга олинган.

Морадханининг таъкидлашича, эронликлар ҳукуматни қўллаб-қувватловчилар билан «уруш ҳолатида» ва демократик давлатларни Эрондан ўз вакилларини олиб чиқишга ва Эрон вакилларини эса ўз мамлакатларидан чиқариб юборишга чақирди.

Фарида Морадханий дастлаб 13 январь куни уйига қайтаётганида ҳибсга олинган. Инсон ҳуқуқлари ташкилотларига кўра, у ҳибсга олинганидан сўнг Эрон хавфсизлик хизмати Морадханийнинг уйига бостириб кирган ва айрим буюмларини мусодара қилган.

Фарида ва Маҳмуд Морадханийлар шу йилнинг октябрь ойида вафот этган ва Али Хоманаийнинг синглисига уйланган уламо ва узоқ йиллик мухолифат етакчиси бўлмиш Али Теҳронийнинг фарзандларидир.

Эронда сентябрь ойининг ўрталаридан бери давом этаётган норозилик намойишлари асли курд миллатидан бўлган 22 ёшли Маҳса Аминининг ўлими сабаб бўлганини қўшимча қиламиз. У Теҳроннинг ахлоқ полицияси томонидан ҳижобни нотўғри кийишда айбланиб, ҳибсга олинганидан кейин вафот этган. Гувоҳларнинг айтишича, у хавфсизлик кучларининг шафқатсиз ҳаракатлари оқибатида вафот этган.

HRANA маълумотларига кўра, 27 ноябрга келиб намойишларни шафқатсизларча бостириш натижасида 60 нафар хавфсизлик кучлари, 451 нафар тинч аҳоли, жумладан, 63 нафар вояга етмаганлар ҳалок бўлган ва 18173 киши ҳибсга олинган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ