Афғонистонда коалиция ҳукуматини тузиш мамлакатнинг ички иши. Афғонистонда ҳокимиятни қўлга киритган «Толибон»* радикал ҳаракатининг расмий вакили Билол Каримий Россия президенти Владимир Путиннинг Афғонистонда коалиция ҳукуматини тузиш зарурлиги ҳақидаги баёнотига мана шундай жавоб берди, деб хабар беради TOLOnews телеканали.
Путин 23 ноябрь куни Ереванда бўлиб ўтган Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилотига аъзо давлатлар раҳбарларининг йиғилишида Афғонистонда коалиция ҳукумати тузилиши Россия ва Марказий Осиё минтақаси давлатлари учун устувор масала экани тўғрисида фикр билдирди.
«Ҳозирги босқичдаги устувор вазифа барча этник гуруҳларнинг [Афғонистондаги] керакли даражада вакилларини ўз ичига олган чинакам инклюзив афғон ҳукумати шаклланишини таъминлашдан иборат», — деди Путин.
Афғонистонда ҳукумат тузилиши фақат афғонларнинг ўзига боғлиқ масала бўлиши лозим, дейди Каримий.
«[Афғонистонда] сиёсий тизим ва коалиция ҳукуматини шакллантириш [мамлакатнинг] ички иши бўлиб, Ислом Амирлиги** [Афғонистоннинг] амалдаги ҳукумати сифатида халқимиз манфаати учун керакли қарорларни қабул қилади», — деди Каримий.
Эслатиб ўтамиз, толиблар ўтган йил август ойида Афғонистонда ҳокимиятни эгаллаб олганди. Улар кейинги ой янги ҳукуматни туздилар. Унга фақат радикал ҳаракат вакиллари кирган. Ушбу ҳукуматни ҳалигача дунёнинг бирор давлати тан олмади. Шу билан бирга, турли мамлакатлар ҳукуматлари толиблар билан де-факто ўзаро алоқада бўлишмоқда — турли лойиҳалар доирасида. Жумладан, Афғонистоннинг аввалги америкапараст ҳукуматини танқид қилиб келган Россия ҳукумати ҳам толибларнинг ҳукуматни қўлга киритишини жўн қабул қилди.
*«Толибон» ҳаракати РФ ва кўпгина давлатларда террорчи ташкилоти сифатида тан олинган ва тақиқланган (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).
** «Толибон»нинг 1996 йилдан 2001 йилгача Афғонистонда ҳукм сурган пайтидаги сиёсий тизимининг номланиши. Толиблар 2021 йил августда қайтадан иқтидорга келганидан сўнг ушбу номдан яна фойдалана бошладилар.