Эрондаги намойишлар бостирилиши юзасидан мустақил тергов ўтказилади

ЭРОНДАГИ НАМОЙИШЛАР. ИЖТИМОИЙ ТАРМОҚЛАРДАН ОЛИНГАН ФОТОСУРАТ

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Инсон Ҳуқуқлари Кенгаши (БМТ ИҲК) Эронда ҳукуматга қарши намойишларни шафқатсизларча бостирилаётганлиги юзасидан мустақил тергов бошлашга овоз берди. Бу ҳақда The Guardian хабар берди.

Овоз бериш жараёни 24 ноябрь куни кечқурун Женевада Германия ташаббуси билан чақирилган БМТ ИҲК йиғилишида бўлиб ўтди. Тергов бошлашни ёқлаб 25 делегат овоз берди, 6 нафари қарши овоз берди, 15 делегат бетараф қолди.

«Овоз бериш ҳуқуқ ҳимоячиларининг муҳим ғалабаси сифатида кўрилмоқда, зеро ҳозирда давлат томонидан йўл қўйилган суиистеъмолчиликка доир далилларни халқаро судларда ошириш механизми мавжуд», — деб ёзади нашр.

Эслатиб ўтамиз, Эронда ҳукуматга қарши оммавий намойишлар сентябрь ойи ўрталарида бошланган ва шундан бери тўхтамаган. Намойишларнинг бошланишига 22 ёшли Маҳса Амини исмли қизнинг ҳижобни нотўғри кийганликда айбланиб ҳибсга олинганидан сўнг вафот этгани сабаб бўлди (Ислом Республикасида барча аёллар жамоат жойларида ҳижоб ўрашлари шарт). Маҳса Амини Курдистон вилоятида истиқомат қилувчи 22 ёшли қиз бўлган. У 13 сентябрь куни Теҳрон ахлоқ полицияси томонидан ҳижобни нотўғри кийишда айбланиб ҳибсга олинганидан кўп ўтмай вафот этган (Эронда барча аёллар жамоат жойларида ҳижоб ўрашлари шарт). Ҳибсга олинган гувоҳлар полицияни қизни калтаклаганликда айблайди. Полиция Аминининг ўлими бахтсиз ҳодиса эканини таъкидлаган. 17 сентябрь куни қизнинг дафн маросимидан сўнг унинг туғилиб ўсган Сакез шаҳрида норозилик намойишлари бошланиб кетди ва кейинчалик Ислом Республикасининг барча йирик шаҳарларига тарқалди.

Инсон ҳуқуқлари ташкилотларига кўра, ҳукумат томонидан намойишчиларнинг кескин бостирилиши оқибатида ҳозиргача 400 га яқин тинч аҳоли, жумладан 40 дан ортиқ бола ҳалок бўлган, 14 мингга яқини ҳибсга олинган.

Ижтимоий тармоқлардаги хабарларга кўра, 20 ноябрдан бошлаб расмийлар норозилик намойишлари энг фаол ўтаётган шаҳарларга Ислом инқилоби қўриқчилари корпусининг (ИИҚК) мунтазам бўлинмаларини кирита бошлаган. Гувоҳларнинг сўзларига кўра, мазкур ҳарбий бўлинмалар ўқотар қуроллар ва зирҳли машиналар ёрдамида намойишчиларни тарқатишга уринмоқда.

Айни пайтда намойишчиларнинг ўзлари ҳам радикаллашган. Улар ҳуқуқ-тартибот идоралари ва ҳукуматпараст «Басиж» ҳарбий кучлари базаларига ҳужумлар уюштирмоқдалар.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ