22 ноябрь куни Тожикистон Олий суди Тоғли Бадахшон автоном вилоятида (ТБАВ) туғилган беш нафар фуқарони умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилди. Булар Толиб Аёмбеков, Нажмиддин Шерчонов, Имумназар Шоиширинов, Мунаввар Шанбиев ва Ниёзшо Гулобовлар, деб ёзади журналист Анора Саркорова.
Улар нимада айбдор деб топилгани ҳақида хабар берилмаган. Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати шу йилнинг июнь ойида Аёмбеков, Шанбиев ва Гулобовлар ҳибсга олингани ҳақида хабар бериб, уларни «Хоруғ шаҳридаги (ТБАВ маъмурий маркази — «Фарғона» изоҳи) уюшган жиноий гуруҳ етакчилари» сифатида тақдим етган.
Шанбиев ва Аёмбеков Тоғли Бадахшоннинг етти норасмий раҳбарларидан бири бўлиб, улар билан мамлакат расмийлари 2018 йил октябрь ойида қуролларини топшириш, «йиғилишлар» ўтказмаслик ва ноқонуний ҳаракатларга қатнашмаслик бўйича шартномалар имзолаган.
«Бомдод» веб-сайтига кўра, ТБАВ норасмий раҳбарларининг барчаси 22 ноябрь куни умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган. «Аёмбеков «Хлебзавод» микрорайонини, Шанбиев «Тирчид» микрорайонини, Шоиширинов «Гулакен»ни, Гулобов «Бисмич» микрорайонини назорат қилган», — деб ёзади сайт. Шерчонов ҳақида маълумот берилмаган.
22 ноябрь куни ТБАВнинг яна бир неча фуқароси узоқ муддатли қамоқ жазосига ҳукм қилинган. Аёмбековнинг собиқ ҳайдовчиси Ҳамза Муродов ҳамда унинг акалари Окил ва Аноятшо Аёмбековлар 30 йилга, жияни Мамадамон Аёмбеков эса 10 йилга озодликдан маҳрум этилган.
Анора Саркорованинг эслатиб ўтишича, Окил Аёмбеков ва Ҳамза Муродов 2013 йили разведка генерали Абдулло Назаровнинг ўлдирилишида айбланиб, 17 ва 16 йилга қаттиқ тартибли колонияга ҳукм қилинган. Иккаласи ҳам 11 йилдан бери қамоқда. Энди уларнинг жазо муддати узайтирилади.
ℹ️ Помирликлар бўлмиш ТБАВ аҳолиси ва асосан этник тожиклардан иборат Душанбе ҳукумати ўртасидаги қарама-қаршиликлар 2012 йилдан бери давом этиб келади. 2018 йили Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон Помирга қарши мунтазам армиядан фойдаланишга рухсат берган. Ўшандан бери Тоғли Бадахшонда вақти-вақти билан фуқаролар итоатсизлиги ҳаракатлари содир бўлади ва хавфсизлик кучлари уларни қаттиқ бостириб келади.
Тоғли Бадахшон аҳолиси ва Тожикистон хавфсизлик кучлари ўртасидаги сўнгги қарама-қаршилик шу йили 14 ва 16 май кунлари Хоруғдаги митинглардан кейин содир бўлган. ИИВ хабарига кўра, 18 май куни ТБАВнинг Рушан туманида 200 га яқин одам хавфсизлик кучларининг катта карвонини Тоғли Бадахшон маъмурий марказига ўтказмаслик учун «Душанбе-Хоруғ» автомобиль йўлини тўсиб қўйади. Шундан сўнг аксилтеррор операцияси бошланади. Натижада, Human Rights Watch халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти маълумотларига кўра, 40 дан ортиқ маҳаллий халқ вакили ҳалок бўлган. Ўнлаб одамлар ҳибсга олинган, уларнинг кўпчилиги аллақачон судланган.