Душанбедаги тергов изоляторида (СИЗО) бўлиб ўтган суд журналист Завқибек Саидаминини 7 йилга озодликдан маҳрум қилди. Суд ҳукми 3 ноябрь куни эълон қилинди, деб хабар беради «Азия-плюс».
Тожикистон ҳуқуқ-тартибот идоралари Саидаминини «Ислом Уйғониш партияси»* ва мамлакатда фаолияти тақиқланган «Гуруҳ 24» билан ҳамкорликда айблайди. Журналист ҳеч бир ташкилот, партия ёки гуруҳга алоқаси йўқлигини, улар билан ҳамкорлик қилмаганини бир неча бор таъкидлаган. Ҳар икки тақиқланган ташкилот ҳам журналист билан ҳамкорлик қилганини инкор этади.
Саидамини шу йил 8 июль куни Ваҳдат шаҳар полицияси ходимлари томонидан қўлга олинган, шундан сўнг у Душанбедаги тергов изоляторига олиб кетилган. Иш сентябрь ойи ўрталарида судга юборилган.
Журналист узоқ йиллар мустақил нашрларда ва Тожикистон Давлат телевидениесининг Биринчи каналида ишлаган. Бироқ, ижтимоий тармоқлардаги долзарб мавзулардаги танқидий чиқишлар унга шуҳрат келтирган. Шунингдек, у Қирғизистон билан чегарадаги можаро ҳудудидан бир неча бор репортажлар тайёрлаган.
Саидаминининг ўзи судда ҳукм эълон қилинишидан олдинги сўнгги нутқида ўзини айбдор деб билмаслигини ва Тожикистонда тақиқланган ҳеч бир партия ёки ҳаракат билан ҳамкорлик қилмаганини айтди, деб ёзади «Азия-плюс».
Унинг айтишича, ёшларнинг тақиқланган партия ва ҳаракатларга, жумладан «Ироқ ва Шом Ислом Давлати» (ИШИД)* каби террористик ташкилотларга аралашиб қолишининг олдини олиш мақсадида теледастурлар тайёрлаган ва эфирга узатган ва уларнинг аксарияти самарали бўлган.
«Дастурларим иш берганига аминман. Уларнинг шарофати билан, балки Сурия ва Ироқдаги урушга қатнашишни режалаштирган ёки билмаган ҳолда [ИШИД сафида жанг қилиш учун] кетмоқчи бўлган кўплаб ёшлар йўлдан қайтгандир. Мен ҳамиша халқимга, Ватанимга хизмат қилишга ҳаракат қилганман. Мен ҳеч қачон экстремист бўлмаганман», — дея Саидамини сўзларидан иқтибос келтиради «Азия-плюс».
Бундан олдин, октябрь ойи ўрталарида тожикистонлик блогер Далер Имомали Душанбе суди томонидан 10 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган эди. Расмийлар уни Саидамини сингари «24-гуруҳ»да қатнашишда, шунингдек, ноқонуний тадбиркорликда ва била туриб ёлғон маълумот тарқатишда айблаган.
*РФ ва кўпгина давлатларда террорчи сифатида тан олинган ва тақиқланган ташкилот (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).