Ўзбекистон кўмагида Мозори Шариф халқаро аэропортини реконструкция қилиш ишлари якунланди

МАВЛОНО ЖАЛОЛИДДИН БАЛХИЙ НОМИДАГИ МОЗОРИ ШАРИФ ХАЛҚАРО АЭРОПОРТИДАГИ МАРОСИМ. ЎЗА ФОТОСУРАТИ

Ўзбекистон кўмагида бир йил аввал бошлаган Мозори Шариф халқаро аэропортини қайта тиклаш ишлари якунланди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.

Ўзбекистонлик мутахассислар иштирокида учиш-қўниш йўлаги, самолётларнинг бурилиш йўлаклари ва тўхташ жойлари тўлиқ янгиланди. «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» корхонаси томонидан аэропортнинг электр ва ёруғлик таъминоти замонавий талаблар даражасига етказилди. Натижада аэропорт тунги ва ноқулай об-ҳаво шароитида ҳам рейсларни қабул қилиш имкониятига эга бўлди.

«[Ўзбекистон президенти] Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан бутунлай ишдан чиққан Мозори Шариф халқаро аэропорти фаолияти қайта тикланди. Учиш-қўниш йўлаклари капитал таъмирдан чиқарилди. Масофадан бошқариш тизими ишга туширилди. Аэропортнинг ташқи электр таъминоти кескин яхшиланди»,деди Афғонистон Муваққат ҳукумати Ташқи ишлар вазири ўринбосари Шер Муҳаммад Аббос Станикзай 25 октябрь куни лойиҳанинг якунланишига бағишланган маросимда.

Бугунги кунда Мозори Шариф аэропорти ҳафтасига тўртта ички ва битта халқаро рейсни амалга оширади.

Аэропортни реконструкция қилиш, Афғонистон ва Ўзбекистон ўртасидаги ҳаво алоқаларини тиклаш масалалари ўтган йил октябрь ойи бошида Кобулдаги учрашувда муҳокама қилинган эди. Ноябрь ойида Ўзбекистон томони аэропортдаги шикастланган ускуналарини таъмирлаш ва авиаузатишни тиклашда иштирок этиш учун 30 нафар техник мутахассислар гуруҳини юбориш ниятида эканини маълум қилди. Бундан ташқари, Афғонистон аэропортининг 83 нафар техник ходимлари малака ошириш учун Ўзбекистонга юборилди.

ℹ️ Мозори Шариф — Афғонистон шимолидаги энг йирик шаҳар, Ўзбекистон билан чегарадош Балх вилоятининг маъмурий маркази ҳисобланади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ