Россияда ҳуқуқ ҳимоячиси Ҳамроевга қарши террорчилик фаолиятини ташкил этиш бўйича жиноий иш қўзғатилди

Баҳром Ҳамроев. Ижтимоий тармоқ фотосурати

Россия Федерал хавфсизлик хизмати (ФХХ) ҳуқуқ ҳимоячиси Бахром Ҳамроевга нисбатан террорчилик ташкилотини ташкил этиш моддаси бўйича иккинчи жиноий ишни қўзғатди. Бу ҳақда 18 октябрь куни адвокат Тимофей Широковга асосланиб «Медиазона» хабар берди.

Қайд этилишича, янги иш Москванинг Мешчанский туман судида эҳтиёт чораси муддатини узайтириш чоғида маълум бўлган. Суд мажлисида терговчи янги иш асосида ҳуқуқ ҳимоячисини ҳибсда ушлаб туриш муддатини узайтиришни сўраган.

«Агар илгари улар Facebook*даги постларига ёпишган бўлса, энди унинг инсон ҳуқуқлари ҳимоясига доир фаолиятига ёпишиб олишди. Терговчи ўз илтимосномасида Ҳамроевнинг терроризмда айбланаётганларга ёрдам кўрсатганини таъкидлаган», — дейди адвокат.

Широков Ҳамроев террорчилик ишларига алоқадор шахсларнинг манфаатларини ҳимоя қилганини ва уларнинг қариндошлари билан мулоқот қилганини тасдиқлади. «Ёрдам бериш, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш фаолияти, бу гўёки террорчи [гуруҳ] фаолиятини ташкил этиш экан», — деб тушунтиради Широков.

Унинг қўшимча қилишича, суд Ҳамроевни ҳибсда ушлаб туриш муддатини яна икки ойга узайтирган.

Мигрантлар ҳуқуқлари ҳимоячиси 58 ёшли Баҳром Ҳамроев 25 февралдан бери Москвадаги тергов изоляторида сақланмоқда. ФХХ уни Фейсбукдаги олтита пости учун террорчиликда айблаб тергов қилмоқда. Улардан иккитаси қайта чоп этилган ва биттасида видеога ҳавола кўрсатилган. Тергов уни «Ҳизб ут-Таҳрир»** фаолиятини қўллаб-қувватлашда айблайди. Бундан ташқари, Росфинмониторинг Ҳамроевни экстремизмга алоқадорлар рўйхатига қўшган.

Таъкидлаш жоиз, Ҳамроев сўнгги йилларда Россия расмийлари томонидан доимий равишда босим остида бўлган. 2016 ва 2017 йиллари ФХХ ходимлари унинг квартирасида тинтув ўтказишган. Аввалроқ, 2010 йили Ҳамроев ФХХ ходими томонидан калтакланган, 2011 йили унинг уйига кираверишда номаълум шахслар пистирмадан ҳужум қилишган. Ушбу ҳодисаларнинг ҳеч бири устидан тергов ҳаракатлари олиб борилмаган. 2018 йили ҳуқуқ ҳимоячиси ўз квартирасида икки хорижликни сохта рўйхатга олишда айбдор деб топилиб, 200 минг рубль миқдорида жаримага тортилган. 2019 йили Ҳамроев Тожикистондаги сиёсий маҳбусларни озод этиш талаби билан Қизил майдонда бир кишилик пикет ўтказгани учун ҳибсга олинган ва кейинчалик жаримага тортилган (бу Тожикистон президентининг Москвага ташрифи кунларида содир бўлган). Орадан бир неча ой ўтгач, ҳуқуқ фаоли Москвада «Адолатли сайловлар учун» акциясини ташкиллаштиришда иштирок этганликда айбланиб, яна ҳибсга олинган ва жаримага тортилган.

*Facebook (РФда эстремист деб топилган Meta корпорацияга тегишли ушбу ижтимоий тармоқ Россияда тақиқланган)

**РФ ва кўпгина давлатларда террорчи сифатида тан олинган ва тақиқланган ташкилот (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ