Путин Марказий Осиё давлатларини импорт ўрнини босувчи дастурларга қўшилишга чақирди

kremlin.ru сайти фотосурати

Россия импорт ўрнини босувчи ўзининг лойиҳаларига Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, шунингдек, Туркманистон ва Ўзбекистон қўшилишдан манфаатдор. Бу ҳақда Россия президенти Владимир Путин Остонадаги «Россия-Марказий Осиё» саммити чоғида айтиб ўтди, деб ёзади РИА Новости.

«Биз сизнинг мамлакатларингиз Россиянинг импорт ўрнини босиш бўйича кенг кўламли ташаббуслари, бошқа дастур ва лойиҳаларига қўшилишидан манфаатдормиз. Ишончим комилки, бу иқтисодиётларимиз ривожига ва янги имкониятларни эгаллашга фойда келтиради», — деди Россия президенти.

Путин Россия Федерацияси «Марказий осиёлик дўстлар» билан кўп томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлаш, хусусан, янги маҳсулотлар занжирларини яратиш ва муқобил логистика алоқаларини яратишда иштирок этиш учун очиқ эканини таъкидлади.

Умуман олганда, у Россиянинг Марказий Осиё «бешлиги» билан ўзаро ҳамкорлиги яхши суръатларда ривожланаётганига эътибор қаратди. Сўнгги беш йилда Россиянинг минтақа давлатлари билан товар айирбошлаш ҳажми икки баробарга, жорий йилнинг биринчи ярмида эса ўзаро товар айирбошлаш ҳажми яна 16 фоизга ошганига эътибор қаратди. «Россия Марказий Осиё мамлакатлари иқтисодига сармоя киритаётган етакчи давлатдир», — дея хулоса қилди у (ТАСС келтирган иқтибос).

Путиннинг сўзларига кўра, янги атом электр станциялари қурилиши ва рақамлаштиришнинг жорий этилиши ҳамкорликнинг мустаҳкамланганидан далолат беради. Россия, ўз раҳбари таъкидлаганидек, Марказий Осиёнинг ягона энергетика тизимини тиклашда ҳам амалий ёрдам кўрсатишга тайёр, бу албатта «минтақадаги барча давлатларнинг энергетик хавфсизлигини оширади».

«Россия-Марказий Осиё» форматидаги саммит 14 октябрь, жума куни Остона шаҳрида бўлиб ўтмоқда. Бундай учрашув биринчи марта юқори савияда ўтказилмоқда.

Мулоқот формати Москва ташаббуси билан 2019 йилда Ташқи ишлар вазирлари даражасида минтақавий ва халқаро кун тартиби бўйича фикр алмашиш мақсадида бошланган эди. Ҳозиргача бешта шундай вазирлар учрашуви бўлиб ўтди.

Жорий саммит Россия ва Марказий Осиёнинг барча бешта давлати ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 30 йиллиги нишонланадиган йилда бўлиб ўтмоқда.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ