«Ўзавиация» Россиянинг «Ямал» авиакомпаниясини огоҳлантирди

yamal.aero сайти фотосурати

«Ўзавиация» Россиянинг «Ямал» авиакомпаниясини республикага чартер рейсларини ташкил этиш талабларига қатъий риоя қилиш зарурлиги ҳақида огоҳлантирди, деб хабар беради агентлик матбуот хизмати.

Аввалроқ у хорижий авиаташувчиларга Ўзбекистонга чартер рейсларини амалга ошириш учун аввало «Ўзавиация»дан рухсат олиш, шундан кейингина чипталар савдосини амалга ошириш зарурлиги ҳақида расмий хабарномалар юборган. Бироқ, «Ямал» рухсатсиз, шунингдек, «сўров юбориш муддатларини қўпол равишда бузган ҳолда» 13 октябрь куни Москва – Наманган – Москва йўналиши бўйича парвоз уюштирган.

Натижада бортида 220 нафар йўловчи бўлган «Ямал» чартер рейси Москванинг «Домодедово» аэропортидан уча олмаган, бу эса «аэропортга жўнаб кетиш учун келган йўловчилар ўртасида ижтимоий кескинликни келтириб чиқарган».

Uzbekistan Airports маълумотларига кўра, «Ямал» рейси Москвадан маҳаллий вақт билан соат 15:40да, соат 23:00да эса қарама-қарши йўналишда учиши керак бўлган. Наманган аэропорти ходимлари ҳам аэропортга келган йўловчиларга вазиятни тушунтиришга мажбур бўлган.

«Ўзавиация» вазиятни ҳисобга олиб, Россия компаниясига зудлик билан рухсат олиш учун мурожаат қилишни таклиф қилган. Аммо, Россия компанияси экипажнинг иш вақти тугаганини айтиб, парвозни амалга оширишдан бош тортган.

«Авиакомпания томонидан бундай ҳолат такрорланган тақдирда «Ўзавиация» агентлиги томонидан Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида белгиланган чоралар кўрилади», — дейилади агентлик хабарида.

Spot.uz эслатганидек, 2021 йил охирида режадан ташқари ёки брон қилинмаган рейсларга чипталар сотилиши билан боғлиқ бир қанча ҳолатлар қайд этилган. Шу боис «Ўзавиация» iFly компанияси учун Ўзбекистонга учиш рухсатини тўхтатган.

«Ямал» сентябрь ойида Москвадан Ўзбекистоннинг учта шаҳри: Самарқанд, Наманган ва Урганчга парвозларни очган эди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ