Қирғизистон ва Тожикистон чегарасида 14 сентябрь, чоршанба куни чегарачилар ўртасида отишма содир бўлган. Бу ҳақда биринчи бўлиб Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси чегара хизмати маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, ҳодиса Қирғизистоннинг Боткен вилояти Боткен туманининг Булоқ-Боши ҳудудида содир бўлган.
«Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг чегара отряди ўз хизмат фаолияти давомида томонлар келишувидаги давлат чегарасининг белгиланмаган участкасида Тожикистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси чегара қўшинлари чегара отрядининг ушбу ҳудудда жанговор позиция эгаллаганини аниқлаган. Қирғизистон томонининг мазкур ҳудудни тарк этиш ҳақидаги қонуний талабларига эътибор бермай, тожик чегарачилари ўт очишди», — дейилади хабарда (24.kg ахборот агентлигидан иқтибос келтирган ҳолда). Бунга жавобан қирғиз чегарачилари ҳам «қурол ишлатган». Чегара отрядлари ўртасида тўқнашув бошланиб, тожик томони миномётлардан фойдаланган.
Тожикистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси чегара хизмати зудлик билан содир бўлган воқеа юзасидан ўз версиясини тақдим этди. Унинг сўзларига кўра, қирғиз томони отишма бошлаган. Қирғизистоннинг Боткен вилоятидаги «Булоқбоши» чегара пости чегарачилари Тожикистоннинг Исфара отрядига қарашли «Кех» чегара пости томон миномётдан 4 марта ўқ узган, «Тожикистон чегарачилари позицияларига ПК, АК ва бошқа ўқотар қуроллардан ҳеч қандай сабабсиз ўқ узилди», — дея хабар беради «Ховар» қўмита маълумотига таянган ҳолда. Бундан ташқари, Қирғизистон бу ҳудудга қўшимча ҳарбий куч ва техникани жойлаштирди, дея қўшимча қилади Чегара хизмати.
Икки томондан жабрланган ва ярадорлар ҳақида ҳозирча расмий маълумот йўқ. Айни пайтда, Азия-Плюс ўзининг Телеграм-каналида Ворух жамоаси касалхонаси ходимларига таяниб, бир тожик чегарачиси ҳалок бўлгани ҳақида хабар берди. Нашрнинг ёзишича, яна беш киши жароҳат олиб, касалхонага ётқизилган.
Тожикистон ва Қирғизистон ўртасидаги чегара узунлиги 976 км бўлиб, шундан бор-йўғи 504 километри делимитация ва демаркация қилинган. Вақти-вақти билан чегара ҳудудлари аҳолиси ўртасида баҳсли ҳудудлар юзасидан низолар келиб чиқади.
Ўтган йил 28 апрелида бошланган бу можаролардан бири икки давлат чегарачилари иштирокидаги қуролли тўқнашувга айланиб кетган. Қирғизистон томонида тўрт кун давом этган тўқнашувда 189 киши яраланган, 36 киши ҳалок бўлган. Тўқнашувларда тожиклардан 19 нафар фуқаро қурбон бўлган, 87 нафари яраланган.
Сўнгги ойларда икки давлат чегарачилари ўртасида чегаранинг белгиланмаган участкаларида мунтазам равишда тўқнашувлар содир бўлиб, томонлар бир-бирини можаролар бошланишида айбламоқдалар.