Австралияда тожикистонлик инсон терроризмни тарғиб қилгани учун 3,5 йилга қамалди

Абдусалом Одиназода. abc.net.au сайти фотосурати

Австралия суди асли тожикистонлик бўлган Абдусалом Одиназодани терроризмни тарғиб қилганликда айблаб, 3,5 йилга озодликдан маҳрум қилди. Бу ҳақда Австралиянинг АВC телеканали хабар берди. Одиназода 2020 йил декабрь ойида ҳибсга олинган ва шундан бери қамоқда сақланган.

Ҳибсга қадар тожикистонлик ўн йилга яқин Ғарбий Австралия университетида ўқитувчи бўлиб ишлаган. У 2020 йил февраль ойида Австралия федерал ҳукумати эътиборига тушган, чунки ўзининг Youtube-каналида 2019 йилн январь ойидан бошлаб мусулмонларни Тожикистондаги амалдаги сиёсий тузумни ағдариб, халифалик яратишга даъват қилувчи видеоларни жойлаштирган, суҳбатларида у «Толибон»* радикал ҳаракати ва «Ироқ ва Шом Ислом Давлати» (ИШИД)* террористик гуруҳларини мақтаган.

Ҳукмда таъкидланганидек, Одиназода каналидаги терроризмга чақириқлар акс этган видеолар 1,6 миллион марта кўрилган, томошабинларнинг 78 фоизи Россияда, 12 фоизи Тожикистонда бўлган.

2020 йил февраль ойида Австралия Федерал полицияси Одиназоданинг уйида тинтув ўтказиб, бир қанча электрон қурилмаларни мусодара қилади. Бироқ, фақат ўша йилнинг декабрь ойидагина Тожикистон фуқаросига расмий равишда терроризмни тарғиб қилиш айби қўйилади ва у ҳибсга олинади.

Қамоққа олинган муддат ва суд томонидан тайинланган жазо ҳисобга олинган ҳолда, Одиназода 2023 йил августида озод этилиши мумкин.

Қўшимча қиламиз, 2018 йил бошида Душанбеда Одиназодага нисбатан Жиноят кодексининг икки моддаси — конституциявий ҳокимиятни зўравонлик йўли билан ўзгартиришга оммавий чақириқлар ва интернет орқали экстремистик фаолиятга чақириш бўйича жиноий иш қўзғатилгани маълум қилинганди. Одиназоданинг ўзи экстремизм ҳақидаги айбловларни рад этади. У фақат Ислом динини тарғиб қилишини ва мусулмонларни бирлаштириш тарафдори эканини таъкидлаган.

Тожикистон расмийлари Австралия суди ҳукмига нисбатан ҳозирча муносабат билдирмаган.

*РФ ва кўпгина давлатларда террорчи сифатида тан олинган ва тақиқланган ташкилот (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ