ОАВ: Хоруғда Тоғли Бадахшоннинг икки норасмий раҳбари ўлдирилган

Хурсанд Мозоров ва Зоир Ражабов. Pamir Daily News фотосурати

Тожикистон хавфсизлик кучларининг 12 июнь куни Тоғли Бадахшон автоном вилояти (ТБАВ) маъмурий маркази бўлмиш Хоруғ шаҳрида ўтказган «махсус операцияси чоғида Помирнинг икки норасмий раҳбари – Хурсанд Мозоров ва Зоир Ражабов ўлдирилган. Бу ҳақда «Бомдод» нашри ўз манбаларига таяниб хабар беради.

Ҳуқуқ-тартибот идораларидаги манбанинг айтишича, Мозоров ва Ражабов ҳибсга олиш вақтида қуролли қаршилик кўрсатган ва улар ўлдирилган.

Бошқа бир манбанинг айтишича, норасмий етакчилар билан бирга уларнинг камида икки нафар қариндоши ёки тарафдорлари ўқдан жароҳат олган. Уларнинг тақдири ва қай даражада жароҳатолгани маълум эмас.

Pamir Daily News ресурсига кўра, Мозоров ва Ражабов хавфсизлик кучларига таслим бўлишни хоҳламай, ўзларини портлатиб юборган ва ҳалок бўлган.

«Уларнинг ўлимидан сўнг ниқобли аскарлар Хурсанднинг уйига қутиларда нимадир олиб кела бошладилар, камерали одамлар пайдо бўлди», — дея қайд этади манба

12 июнь куни Тожикистон ҳуқуқ-тартибот идоралари Хоруғ микрорайонида тозалаш бўйича махсус операция ўтказган ва у ер ҳар томондан тўсилган. Гувоҳларнинг сўзларига кўра, микрорайонда отишма овозлари эшитилган.

Бир кун аввал Хоруғда хавфсизлик кучлари Тоғли Бадахшоннинг уч раҳбари — Толиб Аёмбеков, Мунаввар Шанбиев ва Ниёзшо Гулобовни ҳибсга олган эди. Улар бир қатор оғир ва ўта оғир жиноятларни содир этиш, жумладан, қотиллик, безорилик, талончилик, гиёҳвандлик воситалари, қурол-яроғ ва қимматбаҳо тошлар контрабандаси, уюшган жиноий гуруҳ тузиш, бандитизм, минтақада адоват қўзғатишда айбланган.

2018 йил октябрь ойида Тожикистон ҳукумати ГБАОнинг етти норасмий раҳбари билан қуролларини топшириш ва ноқонуний фаолиятни тўхтатиш тўғрисида шартнома имзолаган. Ҳужжатни имзолаганлар орасида 11 июнь куни қўлга олинган Аёмбеков ва Шанбиев, 22 май куни Хоруғда хавфсизлик кучлари томонидан ўлдирилган Маҳмадбокир Маҳмадбокиров ва аввалроқ 18 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган Амриддин Аловатшоев бор эди.

Шундай қилиб, Мозоров ва Ражабов тирик ёки эркинликда қолган Помир минтақасининг сўнгги етакчилари эди.

«Еттилик»нинг охирги вакили – Ёдгор Мамадасламов Хоруғда эмас, Шуғнон туманининг Поршинев қишлоғида яшайди. «Бомдод» нашрига ҳуқуқ-тартибот идораларидаги манбалар маълум қилишича, Тожикистон расмийларининг Мамадасламовга ҳеч қандай даъвоси йўқ.

Тоғли Бадахшондаги вазият 14 май куни Хоруғда йиғилган маҳаллий аҳоли мухторият раҳбари Алишер Мирзонабот ва Хоруғ ҳокими Ризо Назарзодани ишдан бўшатиш, уч кишининг ўлимида айбдор бўлган хавфсизлик кучлари ходимларини жазолашни талаб қилган митингдан кейин кескинлашганди.

Республика Ички ишлар вазирлигининг маълумотларига кўра, 18 май куни ТБАВнинг Рушон туманида 200 га яқин одам хавфсизлик кучларининг катта автоколоннаси Тоғли Бадахшон маъмурий марказига ўта олмаслиги учун «Душанбе-Хоруғ» автомобиль йўлини тўсиб қўйган. Шундан сўнг аксилтеррор операцияси бошланган. Human Rights Watch халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти маълумотларига кўра, 40 дан ортиқ маҳаллий аҳоли вакиллари ҳалок бўлган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ