Раҳмон ва Мирзиёев Тожикистондаги Яван ГЭСи қурилишига старт бердилар

Ўзбекистон президенти матбуот хизмати фотосурати

Тожикистон Президентининг ташрифи доирасида Зарафшон дарёсида Яван гидроэлектр станцияси қурилишини бошлаш маросими бўлиб ўтди.

Президент Шавкат Мирзиёев ва Президент Эмомали Раҳмон рамзий тугмани босиб, қурилишга старт бердилар.

140 МВт қувватга эга ГЭС Зарафшон дарёсида қурилади. 2020 йил январь ойида ГЭС қурилиши 282 миллион долларга тушиши ва йилига 700-800 миллион кВт/соат ишлаб чиқариши маълум бўлганди.

Лойиҳани молиялаштиришга Осиё тараққиёт банки (ОТБ) ва Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ) қизиқиш билдирган. Муҳандислик ишлари тўлиқ замонавий стандартлар асосида жаҳоннинг етакчи компанияларини жалб қилган ҳолда амалга оширилмоқда, деб таъкидлайди Ўзбекистон Президенти матбуот хизмати.

Яван ГЭСи энергетика соҳасида икки томонлама ҳамкорликнинг биринчи йирик лойиҳаси бўлади. Кейинги босқичда Тожикистон ва Ўзбекистон мутахассислари Фандарёда қуввати 135 МВт бўлган ва йилига 600-700 миллион кВт/соат ишлаб чиқарадиган ГЭС қуриш имкониятларини кўриб чиқадилар. Ушбу лойиҳанинг қиймати 270 миллион долларни ташкил этади.

«Бунёд этилаётган ГЭСлар Ўзбекистон Республикаси эҳтиёжлари учун 1400 миллион кВт/соатгача экологик тоза электр энергияси ишлаб чиқаради», — дейилади Ўзбекистон Энергетика вазирлиги хабарида.

Зарафшондаги иккала ГЭС ҳам ягона энергия тизимининг энг юқори қувватини оширишга ҳамда Ўзбекистон ва Тожикистоннинг айрим ҳудудларини электр энергияси билан таъминлашга хизмат қилади, дея қўшимча қилади вазирлик.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ