Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Тожикистон Президенти Эмомали Раҳмон тарихий аҳамиятга эга Абадий дўстликни мустаҳкамлаш ва иттифоқчилик тўғрисидаги декларацияни имзоладилар.
Мирзиёев бу Декларацияни чинакам тарихий аҳамиятга эга қарор деб атади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмонни ва ушбу мамлакат делегацияси аъзоларини меҳмондўст Ўзбекистонга ташрифи билан қутлаб, Тожикистон бизнинг асрлар синовидан ўтган яқин қўшнимиз, содиқ дўстимиз ва ишончли стратегик шеригимиз эканини яна бир бор таъкидлади.
«Ўзбекистон халқи биродар тожик халқи билан тарих, маданий-маънавий мерос ва аждодларимизнинг эзгу анъаналари муштараклигига асосланган дўстлик ва яхши қўшничилик муносабатларини қадрлайди. Ёруғ кунларда ҳам, синовли дамларда ҳам биз доимо елкама-елка турганмиз, бир-биримизни қўллаб-қувватлаганмиз», – деди давлат раҳбари.
Мирзиёев икки томонлама муносабатларда биргаликдаги саъй-ҳаракатлар туфайли чинакам юксак натижаларга эришиш, уларни энг юқори даражага кўтариш имкони яратилгани иттифоқчилик ҳақида гапириш имконини берганини таъкидлади.
Эмомали Раҳмон Мирзиёевнинг мамлакатлар ўртасидаги муносабатларни яхшилашга қўшган шахсий ҳиссасини алоҳида таъкидлади.
«Ўзбекистон Президенти мамлакатларимиз ўртасидаги алоқаларни ривожлантиришга қўшган шахсий ҳиссасини Тожикистонда жуда қадрлашади. Жорий йил октябрь ойида Тожикистон ва Ўзбекистон дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг ўттиз йиллигини нишонлайдилар. Аҳамиятлиси, биз учун муҳим бўлган айнан шу йилда муносабатларимизни иттифоқчилик даражасига кўтариш бўйича тарихий қарор қабул қилдик», — деди Эмомали Раҳмон.
Декларациядан ташқари икки давлат ҳукуматлари, вазирликлари ва идоралари даражасида 11 та ҳужжат имзоланди, жумладан:
▶️ Саноат кооперацияси соҳасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш ва кенгайтириш бўйича «йўл харитаси»;
▶️ Маданият вазирликлари ўртасида 2022-2023 йилларга мўлжалланган маданият ва санъат соҳаларидаги ҳамкорлик тўғрисида битим;
▶️ Ўзбекистоннинг Жиззах вилояти ва Тожикистоннинг Сўғд вилояти ўртасидаги икки томонлама ҳамкорликни ривожлантириш бўйича «йўл харитаси»;
▶️ Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва сувдан оқилона фойдаланиш соҳаларида ҳамкорлик тўғрисида меморандум;
▶️ Ипакчилик тармоғида ҳамкорлик тўғрисида меморандум.
Раҳмон сўзларига кўра, сўнгги уч йилда мамлакатлар ўртасида ҳамкорликнинг турли йўналишлари бўйича 100 га яқин икки томонлама ҳужжатлар имзоланган. Ўзаро муносабатларнинг устувор йўналиши савдо-иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш бўлиб қолмоқда. Энергетика ва саноат, жумладан, тўқимачилик, озиқ-овқат, поябзал, тоғ-металлургия саноати, шунингдек, рангли металлургия, фармацевтика, транспорт ва коммуникациялар, банк иши ва туризм соҳаларида ҳамкорлик қилиш учун катта салоҳият мавжудлиги қайд этилди.
Сўнгги олти йил ичида Тожикистон ва Ўзбекистон ўртасидаги ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 40 баробар ошиб, 600 миллион долларга етди. «Биз муҳтарам Шавкат Миромонович билан аввалроқ белгиланган товар айирбошлаш ҳажмини бир миллард долларга етказиш йўлида изчил ҳаракат қилмоқдамиз», — деди Раҳмон.
Тожикистон президентининг Ўзбекистонга ташрифи арафасида Душанбе шаҳрида Ҳукуматлараро комиссия йиғилиши, Тошкентда эса бизнес-форум бўлиб ўтди, унинг натижасида 1 миллиард доллардан ортиқ ҳужжат ва шартномалар имзоланди, саноат кооперацияси бўйича йўл харитаси тасдиқланди. Томонлар биргаликда қишлоқ хўжалиги кластерлари ва замонавий ишлаб чиқариш қувватларини яратиш, мева-сабзавот маҳсулотларини қайта ишлашни ташкил этиш ва учинчи давлатлар бозорларига биргаликда чиқишга келишиб олдилар.
Раҳмон ва Мирзиёев транспорт, ҳудудлараро ҳамкорлик, парламент ва маданий-гуманитар алоқалар соҳасидаги ҳамкорликни чуқурлаштиришга вақт ажратди ва хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорликни муҳокама қилдилар.
«Биз терроризм, экстремизм, ноқонуний қурол ва наркотик моддаларнинг ноқонуний айланиши, кибержиноят ва трансмиллий уюшган жиноятчилик таҳдидларига қарши биргаликда курашишни кучайтиришдан умумий манфаатдорлигимизни тасдиқладик. Ҳозирги мураккаб халқаро вазиятни инобатга олиб, биз минтақавий хавфсизлик соҳасида, айниқса, Афғонистон муаммоси бўйича ҳамкорликни ривожлантиришга тайёр эканимизни тасдиқладик. Тожикистон Афғонистоннинг яқин қўшниси сифатида бу мамлакатда узоқ муддатли тинчлик ва тотувлик ўрнатилишидан чин дилдан манфаатдор», — деди Раҳмон.
Тожикистон президенти 2 июнь куни икки кунлик ташриф билан Тошкентга келди. Шу куни тор ва кенгайтирилган таркибда музокаралар бўлиб ўтди, Раҳмон ва Мирзиёев Зарафшон дарёси бўйида Ёвон ГEСи қурилишини бошлаб бердилар ва Тошкент технопаркига ташриф буюрдилар.