Тожикистон президенти Имомали Раҳмон икки кунлик расмий ташриф билан Ўзбекистонга келади. Бу ҳақда Тожикистон давлат раҳбари матбуот хизматига таянган ҳолда «Асия-Плюс» нашри хабар беради.
Раҳмоннинг сафари 2-3 июн кунларига белгиланган. Ташриф доирасида Тожикистон президентининг Ўзбекистон раҳбарияти билан расмий учрашувлари режалаштирилган, улар якунида қатор ҳужжатлар имзоланиши кутилмоқда.
Бўлажак учрашувлар кун тартибидан мамлакатлар ўртасидаги иқтисодий, транспорт-коммуникация, маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорликни ривожлантириш масалалари ўрин олган.
Статистик маълумотларга кўра, 2021 йили икки давлат ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 447,8 миллион долларни ташкил этган, бу 2020 йилга нисбатан 114 миллион долларга (34,2 фоиз) кўп демакдир.
Таъкидлаш жоиз, Ўзбекистоннинг амалдаги президенти Шавкат Мирзиёев ҳокимият тепасига келиши билан икки давлат ўртасида узоқ йиллардан бери таранг бўлиб келган муносабатлар юмшади. Мирзиёевнинг 2018 йил март ойида Тожикистонга биринчи расмий ташрифидан сўнг икки давлат ўртасида ўзаро манфаатли ҳамкорлик бошланди.
Масалан, ўшанда тожикистонликларга қўшни давлат ҳудудига 30 кунгача визасиз киришга рухсат берилган эди. Ўзбекистон Тожикистоннинг Хатлон вилоятининг Қубодиён туманида тиббиёт мажмуасини қурди. Тожикистон ўз навбатида Самарқанд вилояти Ургут туманида умумий ўрта таълим мактабини қуриб, Ўзбекистонга совға қилди. 2020 йил январь ойида Ўзбекистон-Тожикистон чегарасининг барча участкалари миналардан тозалангани хабар қилинди.