Жорий йилда Ўзбекистонда 2,3 минг километрдан ортиқ цемент-бетон ички йўллар қурилади.
Президент Шавкат Мирзиёев 7 апрель куни вилоятлар раҳбарлари олдига ўтказилган видеоселектор йиғилишида шундай вазифа қўйди.
Президент ички йўлларнинг ҳолати мамлакат аҳолисини қаттиқ ташвишга солаётганини таъкидлади. «Ташаббус бюджети» порталига бу борада 20 минг таклиф тушган ва бу умумий мурожаатларнинг чорак қисмини ташкил этади. Давлат раҳбари Андижон вилоятида ҳам йўллар сифатини яхшилаш бўйича ўтказилган тажриба ҳақида сўзлаб берди.
Маҳаллий цемент ишлаб чиқарувчи корхоналар томонидан кластер ташкил этилиб, 31 та чекка маҳалладаги 23 километр йўл цемент-бетон қопламага ўтказилган. Асфальт ўрнига цементдан фойдаланиш орқали қурилишдан 600 миллион сўм иқтисод қилинган, 350 минг долларлик битум импорти учун маблағ тежалган. Энг асосийси, ушбу кластер ўзи қурган йўлларни 10 йил давомида кафолатли сақлашни зиммасига олган.
Андижон тажрибасини бутун мамлакатга татбиқ этишга қарор қилинди. 2022 йили Андижон вилоятида 270 километр, Тошкент шаҳрида 250 километр, Фарғона шаҳрида 200 километр, Қашқадарё ва Тошкент вилоятларида ҳар бири 190 километр, Навоий, Наманган ва Самарқандда ҳар бири 180 километр, Бухоро, Жиззах ва Сурхондарё вилоятларида, Қорақалпоғистон ва Хоразм вилоятида 160 км, Сирдарё вилоятида 150 километрдан ортиқ цемент-бетон қопламали йўллар қуриш режалаштирилган.
Бундан ташқари, жорий йилда вилоят марказлари ва шаҳарларда 670 километр пиёдалар ва велосипед йўллари қуриш режалаштирилган. Улар ҳам цемент-бетон қопламасига эга бўлади.
Мирзиёев цемент ишлаб чиқаришни 18 миллион тоннагача ошириш бўйича топшириқ берди, бу эса ички эҳтиёжни тўлиқ қондириш имконини беради.
Бухоро, Сирдарё ва Хоразм вилоятларида цемент заводлари мавжуд эмаслиги сабабли, «Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамияти томонидан мазкур ҳудудларда йўл қурилиши учун темир йўл транспортида цемент ва шағал ташишда 50 фоизлик чегирма тақдим этилади.
Йўл кластерлари фаолиятини қўллаб-қувватлаш мақсадида цемент-бетон қопламали йўлларни қуриш учун хориждан олиб келинган ускуналар 1 майдан то йил охиригача бўлган муддатга божхона тўловлари ва қайта ишлаш (утилизация) йиғимларидан озод қилинади. Бунинг учун ҳукумат қўшимча равишда 500 миллиард сўм (44 миллион доллар) ажратади. Жорий йилда йўллар қурилиши учун халқаро молия ташкилотларидан 80 миллион доллар, келаси йилда эса 200 миллион доллар жалб этиш режалаштирилган.