Уч давлат Ўзбекистонга юклар транзити учун чегирмалар беришга рози бўлди

Азиз Воитов. "Ўзбекистон-24" телеканали сюжетидан кадр

Ўзбекистон Грузия, Озарбайжон ва Туркманистон билан юкларни транзит қилишда чегирмалар беришга келишиб олди. Бу ҳақда Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги (ИТСВ) раҳбарининг биринчи ўринбосари Азиз Воитовга асосланиб Podrobno.uz хабар беради.

Бир кун аввал бўлиб ўтган йиғилишда президент Шавкат Мирзиёев Иқтисодий ривожланиш вазирлиги ва ИТСВга экспорт қилувчи корхоналарнинг транспорт-логистика масалалари ва уларнинг транспорт харажатларини қисман қоплаш ишлари билан шуғулланишни топширди.

«Яқинда биз ҳамкор давлатлар, жумладан Озарбайжон ва Грузия билан келиша олдик. Ҳозир ушбу мамлакатлар портларидан 30 фоизга арзонроқ товарлар етказиб берилмоқда. Бундан ташқари, биз Каспий денгизидаги харажатларни ҳам камайтиришга муваффақ бўлдик. Шунингдек, Туркманбоши ва Боку портлари билан транспорт харажатларини 50 фоизга камайтириш бўйича келишув мавжуд», — деди Воитов.

Унинг сўзларига кўра, бугунги кунда Экспортни қўллаб-қувватлаш агентлиги экспорт қилувчиларнинг транспорт харажатларининг 70 фоизигача қоплайди.

Воитовга кўра, янги транспорт йўлакларини очиш ишлари давом этмоқда.

«Мазкур ишлар доирасида 16 март куни илк бор Мумбай портидан Покистон ва Афғонистон орқали Ўзбекистонга юк жўнатилди. Бу тарихий воқеага айланди. Биз ушбу транспорт йўлаги салоҳиятини ривожлантириш имкониятларини ошириш устида ишлашда давом этамиз», — деди вазир ўринбосари.

Январь ойида «Ҳиндистон – Марказий Осиё» онлайн саммити иштирокчилари Ҳиндистон ва минтақа давлатлари ўртасида товар ва хизматларнинг эркин ҳаракатланиши масалаларини ҳал қилиш учун Эроннинг Чабаҳор портини ривожлантириш бўйича қўшма ишчи гуруҳ тузишга қарор қилдилар. Янги Деҳли унинг ривожланишидан жуда манфаатдор, зеро у Покистон ҳудудини четлаб, Афғонистонга юкларни етказиб бериш имконига эга бўлади. Мутахассисларнинг фикрича, Мумбай-Чабаҳор-Кобул йўналиши бўйича экспортни йўлга қўйиш юк ташиш харажатлари ва вақтининг қарийб учдан бир қисмини тежайди, бу эса Ҳиндистон маҳсулотлари нархининг пасайишига олиб келади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ