Бир қатор халқаро ташкилотлар ўтган йил август ойида ҳукуматни қўлга киритган «Толибон»* радикал ҳаракатидан 1 февраль куни ҳибсга олинган Ariana News телеканалининг икки нафар журналистини озод қилишни талаб қилди.
БМТнинг Афғонистондаги миссияси толиблардан тележурналистлар Аслам Ҳижоб (Aslam Hejab) ва Ворис Ҳасрат (Waris Hasrat)нинг ҳибсга олиниши сабабларини тушунтириб беришни сўради. Бундан ташқари, миссия ўз баёнотида 19 январь куни Кобулда бедарак йўқолган икки фаол афғон аёли тақдирига ойдинлик киритишни талаб қилган. The Free Speech Hub инсон ҳуқуқлари ташкилоти баёнотида ҳибсга олинган икки мухбирнинг қаерда экани ҳозирча номаълумлиги айтилади.
«The Free Speech Hub толиблардан бу икки мухбирни зудлик билан озод этишни ва сўз эркинлигига босим ўтказишни бас қилишни сўрайди», — дейилади баёнотда.
Amnesty International ташкилоти икки журналистнинг ҳибсга олинишини «асоссиз» деб ҳисоблайди.
«Борган сари оммавий ахборот воситаларига бундай ҳужумларнинг ортиб бориши сўз эркинлигига жиддий таҳдид солмоқда. Толиблар ҳеч қандай шартсиз ва зудлик билан [Аслам Ҳижоб ва Варис Ҳасратни] озод қилишлари керак», — дейилади Amnesty International баёнотида.
Европа Иттифоқининг Афғонистондаги элчиси Андреас фон Брандт ҳам журналистларнинг ҳибсга олинишига муносабат билдирди.
«Сизлар адолат ва одил бошқарув тарафдорлари деб атайдиган кимсаларнинг Афғонистонда шаффофлик, бошқарув ва адолатни тиклаш йўлида ишлаётган журналистларни ҳурмат қилмаётганини тушуниш қийин», — деди Брандт радикал ҳаракатга мурожаат қиларкан.
Таъкидлаш жоиз, толибларнинг ўзи 1 февраль куни ҳибсга олинган тележурналистларга доир ҳеч қандай изоҳ бермади.
* «Толибон» ҳаракати РФ ва кўпгина давлатларда террорчи ташкилот деб тан олинган ва тақиқланган (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).