2022 йили Наманган ва Андижонда чет тиллар институти очилади. Бу ҳақда Олий ва ўрта махсус таълим вазири Абдуқодир Тошқулов ҳисоботида айтиб ўтилган.
Навоий давлат кончилик институти негизида Навоий политехника университети ташкил этилади, республикада бир қанча нодавлат университетлар очилади. Шундай қилиб, Ўзбекистонда олий таълим муассасалари сони 160 тадан ошади, ёшларни олий таълимга қамраб олиш 32 фоизга етади.
Ўтган 5 йилда 22 та хорижий ҳамда 21 та нодавлат олий таълим муассасалари ташкил этилиб, олийгоҳлар сони 65 тадан 156 тага етди, олийгоҳларга қабул 3 бараварга ортди.
Ёшларни олий таълим билан қамров даражаси 9 фоиздан 28 фоизга оширилди, жорий йилда 170 мингдан ортиқ ёшлар талаба бўлди.
Талабалар сонининг ўсиши ётоқхоналарда қўшимча жойларни ташкил этишни талаб қилди. 2020 йилда давлат олий таълим муассасаларида умумий қуввати 60 минг ўринли 228 та талабалар турар жойлари мавжуд бўлиб, эҳтиёжнинг 28 фоизи таъминланган, қўшимча 149 минг ўринли талабалар турар жойига талаб мавжуд эди. 2021 йилда президент кўрсатмаларига асосан мавжуд талабалар турар жойларидаги яшаш хоналарини оптималлаштириш ва икки ярусли кроватларни жорий этиш орқали қўшимча 20 минг ўрин ташкил этилди.
2022 йили давлат-хусусий шериклик асосида 18,8 минг ўринли 47 та талабалар турар жойи қуриш режалаштирилган. 2022-2025-йилларда 85 та олий таълим муассасасида 91,2 минг ўринга мўлжалланган 228 та талабалар турар жойи ташкил этилади.
Бугунги кунда олий таълим муассасаларида 800 мингга яқин талабаларга 32 228 нафар профессор-ўқитувчилар таълим бермоқда. Шундан илмий даражалилар 12 686 нафар бўлиб, фан докторлари 2 657, фан номзодлари 10 029 нафарни ташкил этади.
2021 йили «Эл-юрт умиди» жамғармаси ҳамда олий таълим муассасаларининг ўзаро ҳамкорлик ва грант дастурлари доирасида 1345 нафар профессор-ўқитувчилар хорижий олий таълим ҳамда илмий-тадқиқот муассасаларига малака ошириш ва стажировка ўташ учун юборилди. Уларнинг, 579 нафари Европа, 172 нафари Америка, 82 нафари Осиё, 512 нафари МДҲ мамлакатларига юборилди.
Олий таълим муассасаларида таълим сифати ва самарадорлигини янада ошириш мақсадида 2021 йилда 1793 нафар хорижлик мутахассислар ўқув жараёнига жалб қилинган бўлиб, уларнинг 481 нафари Европа, 97 нафари Америка, 263 нафари Осиё, 952 нафари МДҲ мамлакатлари профессор-ўқитувчилари ва соҳа мутахассислари ҳисобланади.
Олий таълим вазирлиги раҳбари парламент Сенатининг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси йиғилишида маъруза қилди. Йиғилиш иштирокчилари Ўзбекистонда олий таълим соҳасида қатор камчиликлар мавжудлигини таъкидладилар. Шу тариқа, айрим олий ўқув юртларида ўқув йилига тайёргарлик даражаси етарли эмаслиги, кредит-модул тизими тўлиқ жорий этилмаган ва барча ўқитувчилар буни тўлиқ ўзлартирганлари йўқ. Шунингдек, йиғилишда ўқув адабиётлари етишмаслиги, профессор-ўқитувчилар таркиби ва талабалар турар жойи билан таъминланиш даражаси пастлиги, Ўзбекистон олий ўқув юртларининг халқаро рейтингларда яхши тақдим этилмагани, ҳамда олий таълим тизимида ҳуқуқбузарлик ҳолатлари кузатилаётгани таъкидланди.