АҚШ музлатилган Афғонистон давлат активларини эркинликка чиқариш ниятида эмаслигини билдирди

Ariana News сайти фотосурати

Ҳозирда АҚШ ҳукумати музлатилган $9 млрд.дан ортиқ Афғонистон давлат активларини эркинликка чиқариш ниятида эмаслигини маълум қилди. Бунинг бир неча муҳим сабаблари бор ва улардан бири — 2001 йил 11 сентябрда содир этилган теракт қурбонлари яқинлари томонидан судга берилган аризалар ҳисобланади. Бу ҳақда Оқ уй матбуот котиби Жен Псаки журналистлар учун ўтказилган брифингда маълум қилди.

«Резервлардан [Афғонистонда ҳукуматни босиб олган] «Толибон»* фойдалана олмайди. Активлар айрим АҚШ молия институтлари ва бошқа давлатларда сақланмоқда. Қатор сабабларга кўра, мазкур резервлар музлатилган ҳолда қолаверади. Аблатта, бу жуда мураккаб масала. Биз иттифоқчиларимиз билан биргаликда синчковлик билан вазиятни кузатмоқдамиз. Ҳозирча бу масалада бирорта янгилик йўқ», — деди президент Жо Байденнинг расмий вакили.

Псаки сўзларига кўра, мазкур маблағлар, жумладан 2001 йил 11 сентябрдаги теракт қурбонлари яқинлари томонидан уюштирилган «суд текширувлари предмети» ҳисобланади. Қурбонларнинг оила аъзолари Афғонистон маблағидан товон пули тўланишини талаб қилмоқдалар.

«Иккинчидан, АҚШ ҳамон ушбу маблағлар «Толибон» ҳамёнига даромад сифатида тушмаслиги кафолатланган ҳолда, тўғридан-тўғри Афғонистон аҳолисига етиб бориши билан боғлиқ мураккаб вазифа ечими олдида турибди. Турган гап, энг йирик гуманитар ёрдам кўрсатувчи давлатлардан бири сифатида ушбу маблағлар тўғри одамларга етиб боришини хоҳлаймиз», — деди Псаки.

Жорий йил баҳорида АҚШ Афғонистондан ҳарбий кучларини олиб кетиш қарорини маълум қилганидан сўнг, «Толибон» ҳаракати мамлакатни ўз назоратига олиш учун кенг миқёсда ҳаракатларини бошлади. 15 август куни толиблар жангсиз Қобулни қўлга киритганларида ва президент Ашраф Ғани мамлакатни тарк этганида Вашингтон маъмурияти «Толибон» қўлига тушмаслиги учун америка банкларида сақланаётган афғон ҳукумати активларини музлатиб қўйди. Халқаро валюта жамғармаси ва Жаҳон банки ҳам Қобулга молиявий кўмак беришни тўхтатди. Музлатилган маблағларнинг умумий суммаси $9,5 млрд.га яқин ҳисобланади.

Шу билан бирга, музлатилган давлат активлари ва халқаро молиявий кўмакнинг барҳам топгани Афғонистондаги гуманитар инқирознинг сабабларидан бири бўлди.

Мамлакатда нақд пул тақчиллиги мавжуд. Бир ҳафтадан бери афғон миллий валютаси АҚШ долларига нисбатан кескин тушиб кетмоқда. 14 декабрда Қобулдаги пул алмаштириш шахобчаларида $1 нарҳи 93-95 афғонида баҳоланди.

Афғони қадрсизланиши кетидан, истеъмолдаги асосий озиқ-овқат маҳсулотлари қимматлашиб бормоқда. 14 декабрь ҳолатига кўра, пойтахтда суюлтирилган газнинг бир килоси 120 афғонига етиб борди, Қозоғистондан импорт қилинаётган 49 килограммли бир қоп уннинг нархи — 2800 афғони туради. Маҳаллий журналистлар таъкидлашича, Қобулда ун қимматлашган сари сотилаётган нонларнинг вазни камайиб бормоқда.

*«Толибон» ҳаракати РФ ва кўпгина давлатларда террорчи ташкилот деб тан олинган ва тақиқланган (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ