Афғонистонда ҳукуматни эгаллаб олган «Толибон» радикал ҳаракати яқин орада Қатарда АҚШ билан музокараларини жонлантиради. Бу ҳақда 24 ноябрь куни толиблар ҳукуматининг Ахборот ва маданият вазири ўринбосари Билол Карими ТАСС мухбири билан бўлган суҳбатда маълум қилди.
«Дарҳақиқат, яқин орада Қатарда америка томони билан музокаралар ўтказиш режалаштирилмоқда. Бироқ, аниқ сана ҳали маълум эмас. Музокаралар давомида Доҳада (АҚШ ва толиблар ўртасида) эришилган келигувни амалга ошириш ишлари муҳокама қилинади….афғон ҳалқи молиявий активларини ҳисбдан чиқариш (Афғонистон Марказий банки маблағлари назарда тутилмоқда — «Фарғона» изоҳи), шунингдек икки томон дипломатик алоқаларига дахлдор масалалар кўриб чиқилади», — деди Карими.
Бундан олдин Вашингтон АҚШнинг Афғонистон бўйича махсус вакили Залмай Ҳалилзод ўрнига келган келган Томас Уэст келаси ҳафта Қатар пойтахтига ташриф буюришини, у ерда толиблар етакчилари билан афғон ҳудудида терроризмга қарши кураш масалаларини муҳокама қилишини маълум қилганди.
«Толибон» октябрь ойида Доҳада америкалик дипломатлар билан бир неча учрашувлар ўтказди ва уларни «ижобий» деб баҳолади. Шунингдек, толиблар ўтган музокаралар Афғонистонда тузилган янги ҳукумат АҚШ ва бошқа мамлакатлар томонидан тан олинишига хизмат қилади, дея умид билдирадилар.
Октябрдаги учрашувларда толиблар америка банкларида сақланаётган $9,4 млрд миқдоридаги давлат активларини ҳибсдан чиқаришни сўраганлар. Маълумки, мазкур активлар толиблар ҳукуматни эгаллаганидан сўнг АҚШ томонидан музлатиб қўйилганди. Бу Афғонистонда гуманитар вазиятнинг кескинлашувига хизмат қилган омиллардан бири бўлди.
Қўшимча қилиб шуни айтиш лозим, бугунга қадар дунёнинг бирорта давлати толиблар ҳукуматини тан олмади. Кўпгина мамлакатлар тан олиш учун «Толибон» олдига инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, ОАВ эркинлигини кафолатлаш, турли афғон этносларидан иборат ҳукумат тузиш ва унда аёлларнинг ишлашига рухсат бериш каби шартларни қўйганлар.
* «Толибон» ҳаракати РФ ва қатор давлатларда террорчи ташкилот деб тан олинган ва тақиқланган (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).