Афғон қизлари 2022 йил мартидан бошлаб яна мактабда ўқишларини давом эттиришлари мумкин. Бу ҳақда «Толибон»* радикал ҳаракати ҳукуматининг Маориф вазирлиги матубот котиби Назар Муҳаммад Эрфон ТАСС агентлигига берган интервьюсида маълум қилди.
«Қатор вилоятларда мактаблар қиш келаётгани учун ёпиляпти. Бундан ташқари, маориф соҳасида бир мунча қарорларни қабул қилиш лозим. Биз ўрта мактабларда қизларнинг таълим олишини ҳамал ойида (21 мартдан — 20 апрелгача. — «Фарғона» изоҳи) бошламоқчимиз», — деди Эрфон.
Унинг сўзларига кўра, Афғонистоннинг собиқ ҳукумати даврида мактабларда эркак ўқитувчилар дарс бераётгани боис кўпгина одамлар катта синф ўқувчи қизларини мактабга юборишмаган. Толиблар маориф вазирлиги «Ислом талабидан келиб чиққан ҳолда» ўқув жараёнини ташкил этади.
«Толибон» ҳаракати ҳукуматни эгаллаганидан сўнг мактабларда ўқиш 19 сентябрда бошланди ва фақат ўғил болаларнинг таълим олиши, шунингдек эркак ўқитувчиларнинг ишлашига рухсат берилди. Кейинчалик радикал ҳаракат матбуот котиби Забиулла Мужоҳид қизлар фақат ўқувчиларни бўлиб ўқитиш тизими тайёр бўлганидан сўнггина мактабда билим олишлари мумкинлигини айтди.
Қўпгина вилоятларда қизлар учун ўрта таълим мактаблари ҳанузгача ёпиқ, гарчи ўғил болаларнинг билим олиши давом этаётган бўлсада. Ҳозирда Балх, Қундуз, Сари-Пул ва Бамиан вилоятларидаги тўртта давлат мактабидагина барча ёшдаги қизларнинг ўқиш имконияти бор. Қолган 29 вилоятда ўрта ва юқори синф ўқувчи қизлари ҳамон уйда қолишга мажбурлар.
Афғонистондаги мактабларни қўллаб-қувватлаш мақсадида БМТ Болалар жамғармаси — ЮНИСЕФ афғон ўқитувчиларига тўғридан-тўғри меҳнат ҳақи тўлаш тизимини яратиш режасини тузди. «Афғонистонда қизларнинг таълим олишини қўллашнинг янг яхши йўли — улар ўқиётган мактаб ва ўқитувчиларни молиявий қўллаб-қувватлашдир. ЮНИСЕФ донорларни афғон болакайларини ўз ҳолига ташлаб қўймасликка чақиради», — дейди ташкилотнинг ушбу мамлакатдаги вакили Жаннет Вогелаар.
*«Толибон» ҳаракати РФ ва кўпгина давлатларда террорчи ташкилот деб тан олинган ва тақиқланган (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).